Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи давомида ҳудудда йирик ишлаб чиқариш саноати йўқлигини, яқин келажакда бу ерда ҳам автомобиль заводи қуриш лойиҳаси амалга оширилишини таъкидлади.
Ушбу хушхабар бунчалик тез рўёбга чиқишини кўпчилик кутмаган эди. Ташрифдан роппа-роса йигирма кун ўтиб, мамлакатимиз автомобилсозлик саноатида яна бир йирик лойиҳани амалга ошириш йўлида дастлабки қадам ташланди – Корея Республикасининг «Evergreen Motors Group» компанияси президенти Ким Чанг Кён лойиҳа бўйича амалий музокаралар ўтказиш учун вилоятга келди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Ким Чанг Кён билан учрашувида Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси ўртасида йўлга қўйилган иқтисодий-ижтимоий, илмий-техник ҳамкорлик тобора мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди.
Дастлаб, кунига 8-20 ва йилига 1000 та автомобиль ишлаб чиқарилади. Уч йил ичида бу кўрсаткич 3 мингтага етказилади, яъни мингта автобус ва 2 мингта юк машинаси ишлаб чиқарилади. Аввалига эҳтиёт қисмлар Корея Республикасидан келтирилса, маҳаллийлаштириш дастури асосида уч йил мобайнида эҳтиёт қисмларни босқичма-босқич шу ернинг ўзида ишлаб чиқариш ўзлаштирилади.
Лойиҳа ишга туширилиши билан 1000 га яқин иш ўрни яратилса, келажакда бу кўлам 6 мингтага етказилиши режалаштирилмоқда.
Делегация аъзолари автомобиль заводи қурилиши учун тавсия қилинаётган майдонлар ва у ердаги шароитлар билан танишди.