Жорий йил 15-22 май кунлари Япониянинг қатор шаҳарларида «Ўзбекистон ҳафталиги» ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Маданият, Ташқи ишлар вазирликлари, мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонаси, Япония маданият агентлиги ва Нагоя, Осака шаҳарлари мэриялари ҳамкорлигида ташкил этилган ҳафталик Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш, халқимизнинг қадим тарихи ва бой маданиятини Япония жамоатчилигига кенг тарғиб этишга хизмат қилди.

“Ўзбекистон ҳафталиги” доирасида Япониянинг Токио, Нагоя ва Осака шаҳарларида концертлар, миллий маданиятимиз ва урф-одатларимизни ифода этувчи фотокўргазмалар ташкил этилди.

Ҳафталик давомида “Кўҳна ва навқирон Ўзбекистон” ҳужжатли фильми намойиш этилди. Фильмда мамлакатимизнинг гўзал масканлари, тарихий обидалари, замонавий иншоотлар, шунингдек, халқимизнинг миллий урф-одат ва анъаналари аксини топган.

Япониянинг йирик шаҳарлари – Токио, Нагоя ва Осакада кенг жамоатчиликка ўзбек санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги концерт дастурлари, диёримизнинг туристик салоҳияти акс этган миллий фото ва амалий санъат кўргазмалари ҳам намойиш этилди.

Ҳафталик доирасида Ўзбекистон делегацияси Токио миллий музейи директори Масами Зения, «Мин-Он» мусиқа ассоциацияси президенти Казуто Ито, Токио санъат университети президенти К.Сава билан учрашувлар ўтказди. Ушбу тадбирларда маданият ва санъатни ривожлантириш мақсадида икки томонлама ҳамкорлик, таълим йўналишида тажриба алмашиш, ходимлар малакасини ошириш мавзуларида фикр-мулоҳазалар алмашилди.

Ҳафталикнинг сўнгги кунида Осака университети маданият саройида ўтган миллий либослар ва кўл меҳнати билан тайёрланган буюмлар кўргазмаси японияликларда катта қизиқиш уйғотди.

Кўргазмадан сўнг томошабинларга маданият саройининг катта саҳнасида ўзбек санъаткорлари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди. Япониялик санъат шинавандалари ёш ижрочилар томонидан жонли овозда тақдим этилган опера ариялари, миллий куй-қўшиқларимиз, бетакрор рақс ижроларидан баҳраманд бўлди.

Умуман, ҳафталикнинг ҳар бир куни унутилмас таассуротларга бой бўлди. Маданият муассасалари ўртасида манфаатли келишувларга қаратилган ҳамкорлик шартномалари имзоланди. Буларнинг бари ўзбек-япон халқлари ўртасидаги муштарак дўстлик ва биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

 

ЎзА