Пойтахтимизда 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши кураш кунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда ОИТС касаллигига қарши курашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 20 январида “Одамнинг иммунитeт танқислиги вируси кeлтириб чиқарадиган касалликка қарши курашиш тизимини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун “95-95-95” стратегияси олға сурилган бўлиб, унинг доирасида ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг 95 фоизи ўзининг ОИВ статусини яъни организмида ОИВ мавжудлигини билиши, 95 фоиз ОИВ юқтириб олганлар махсус даволаш курслари билан қамраб олинишлари ҳамда 95 фоизи қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришиш мақсади белгиланган.

Тадбир давомида Республика ОИТСга қарши кураш маркази директори Баҳром Эгамбердиев мамлакатимиздаги ОИВ бўйича эпидемик вазият ҳақида маълумот берди.

Таъкидланишича, ОИТС билан касалланган беморнинг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушишига эришилса, у бемор юқтирувчи ҳисобланмайди, яъни бу касалликни бошқаларга юқтирмайди. Бу мақсадларга эришиш учун республикамизда 173 минг нафардан ортиқ аҳоли ўртасида экспресс-тестлар ўтказилди. Шунингдек, 129 мингта экспресс-тестлар республиканинг барча туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига етказилди.

ОИВ соғлиқни сақлашнинг асосий глобал муаммоси бўлиб, вирус ҳозирги кунга қадар дунё бўйича 40,4 миллион кишининг ҳаётига зомин бўлди ва касалликнинг бутун дунё бўйлаб тарқалиши давом этмоқда. 2022 йилнинг охирига келиб бутун дунёда тахминан 39 миллион ОИВ билан яшовчи одамлар рўйхатга олинган, уларнинг учдан икки қисми Африка минтақасида аниқланган. 2022 йилда 630 минг одам ОИВ билан боғлиқ сабабларга кўра вафот этган ва 1,3 миллион янги ОИВ юқиш ҳолатлари қайд этилган.

– ОИВ инфекциясини тўлиқ даволашнинг имкони йўқ. Бироқ, ОИВ ва оппортунистик инфекцияларнинг олдини олиш, ташхислаш, даволаш ва парваришлаш имкониятларининг ортиб бораётгани сабабли ОИВ инфекцияси бошқарилиши мумкин бўлган сурункали касалликка айланди. ОИВ билан яшовчи шахсларнинг соғлом ва узоқ умр кўришлари имконини яратди, – деди Б.Эгамбердиев. – Мамлакатимизда ҳам бу борада кенг кўламли ишлар қилинмоқда. Жумладан, давлат бюджети ҳамда ОИТС, сил ва безгак касалликларига қарши кураш бўйича Глобал жамғарма маблағлари ҳисобидан қарийб 7 миллион АҚШ доллари миқдорида ретровирусга қарши дори воситалари харид қилиниб, 40 минг нафардан ортиқ бемор вирусга қарши терапия билан қамраб олинган. Республика ОИТСга қарши кураш маркази ҳамда ФҲДЁ органлари ахборот тизими интегрaция қилинди. Ушбу тизим орқали никоҳланувчиларнинг ОИВга тиббий текширув жараёни қулай ва содда ҳолатга олиб келинди.

Шунингдек, ОИВ бўйича электрон ахборот тизими Пенсия жамғармасининг электрон базаси билан интеграция қилиниб, ҳозирги кунда ОИВ инфекцияси бўлган 18 ёшгача болаларга нафақа автоматик тарзда белгиланиб, уларнинг нафақа олишида юзага келаётган қийинчиликларга чек қўйилди.

Ушбу инфекция билан яшовчи оналардан туғилган болаларга ОИВнинг вертикал йўл билан юқишининг олдини олиш мақсадида ҳомиладор аёлларни инфекцияга текширишлар 100 фоиз қамраб олинмоқда. ОИВ аниқланган ҳолатда, ҳомиладор диспансер ҳисобига олиниб, ретровирусга қарши дори воситалари берилади. Ҳомиладорлик давридаги иммунологик кўрсаткичлар ва вирус юкламаси лабораторияда текшириб борилиб, туғруқ кесар кесиш усулида амалга оширилади ҳамда туғилган болага профилактика мақсадида ретровирусга қарши дори воситалари берилади.

Бундан ташқари, ОИВ инфекцияли оналардан туғилган 700 нафардан ортиқ бола олти ойлик бўлгунча қуруқ сут аралашмалари билан таъминланмоқда. 6 ойликкача бўлган гўдакларни сунъий қуруқ сут аралашмалари билан таъминлаш билан инфекциянинг онадан болага юқишини бартараф этишга эришиш асосий мақсад қилиб қўйилган.

Республика ОИТСга қарши курашиш маркази ва “Чегара билмас шифокорлар” халқаро гуманитар ташкилоти билан ўзаро ҳамкорликда йўлга қўйилган “Мобил лаборатория” жорий йилнинг ўтган ўн ойи давомида тасдиқланган режага мувофиқ Тошкент шаҳар ва вилояти ҳудудларида жами 164 та чиқишлар амалга оширилди. Ушбу чиқишлар давомида жами 5551 нафар фуқаро, асосан ички мигрантлар ОИВ, ВГС ва сифилисга тиббий текширувдан ўтказилди. Ўтказилган тиббий текширув натижаларига кўра жами 437 нафар шахсларда (41 нафарида ОИВ, 302 нафарида ВГС ва 94 нафарида сифилис) мусбат натижа қайд этилди. Ушбу аниқланган мусбат натижали шахсларнинг барчаси билан навбатдаги диагностик текширувлар ва даволаш ишлари олиб борилиши учун тегишлилиги бўйича йўлланмалар берилди.

Қолаверса, ушбу ўтказилган профилактик тадбирлар давомида аҳолига 5551 дона АТМ, 3500 дона резина ғилофлар тарқатилди ҳамда ОИВ/ОИТС масалалари юзасидан, жинсий алоқа орқали юқадиган касалликлар тўғрисида, соғлом турмуш тарзи бўйича бир қанча маслаҳатлар берилди.

Моҳигул Қосимова,

Дониёр Ёқубов (сурат), ЎзА