Тошкент шаҳар ҳокимининг туризм, спорт, маданият, маданий мерос ва оммавий коммуникациялар масалалари бўйича ўринбосари Ф.Давруқов Россиянинг Табиий фанлар академияси вакиллари билан учрашди.

Учрашув аввалида Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳамкорлик жадал суръатлар билан ривожланаётгани ва икки давлат ўртасидаги кўп қиррали мулоқот ҳамкорликни янада истиқболли йўлга қўйишда катта ўрин тутиши таъкидланди.

Ўзбекистон ва Россия ёшлари ўртасида илм-фаннинг турли соҳаларида тажриба алмашишни йўлга қўйиш, туристик маҳсулотларни тарғиб қилиш, Россия ва Ўзбекистоннинг йирик туроператорлари вакилларининг қўшма туристик кўргазмаларида иштирокини таъминлаш, маданият соҳасидаги турли тадбирлар каби истиқболли лойиҳаларга урғу берилди.

Шунингдек, меҳмонлар ижтимоий, илм-фан йўналиши, соғлиқни сақлаш, бизнес, саноат, таълим, коммунал, транспорт каби қатор соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни қўллаб-қувватлашини билдирди. Турли соҳаларда хусусан, тирбандликни олдини олишда Москва шаҳрида амалга оширилган муваффақиятли лойиҳа тажрибаси ҳақида маълумот берди. Ўзбекистон ўз олдига қўйган мақсадларини тизимли амалга ошириб бораётгани, бунда ҳукуматнинг оқилона бошқарув сиёсати катта ўринга эга экани эътироф этилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА