Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ҳамда сайёр қабул ўтказилди.

Тадбир Нукус ҳарбий прокуратураси томонидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округи қўмондонлиги билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикасининг Мудофаа ишлари бошқармаси ва унинг шаҳар ҳамда туман  бўлимларининг ҳисобида турган 2024 йилда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ёшлар ҳамда ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлар ва куч тузилмалари томонидан оталиққа олинган ёшлар, шунингдек, ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилди.

Мамлакатимизда 10 июнь санасидан жорий этилган “Ёшлар ойлиги” муносабати билан ташкил этилган тадбирда 2024 йилда муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган 375 нафар ҳамда 110 нафар оталиққа олинган ёшнинг иштироки таъминланди. Бинобарин, ёшлар билан ишлаш ҳар вақт давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бўлиб келган. Хусусан, бугунги кунда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими –ёшларнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва куч тузилмалари томонидан оталиққа олиниши ва улар билан манзилли ишларни мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий штабларнинг ташкил этилиши бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасини намоён этмоқда.

Ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари, ҳарбий хизматчилар ва улар оила аъзоларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини амалга оширишда ёрдам кўрсатиш, муаммоларни ўрганиш, бир сўз билан айтганда, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш мақсадида ўтказилган тадбирда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, генерал-майор  Фарҳоджон Шерматов ҳамда Нукус ҳарбий прокурори адлия полковниги Улуғбек Абдураҳимов сўзга чиқиб, бугунги кунда давлатимиз томонидан юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, энг аввало, одамлар билан, халқ билан мулоқот қилиш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиш кераклиги, халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши кераклиги, хотин-қизлар ҳуқуқларини химоя қилиш ва улар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ёш авлод вакилларига катта ҳаётда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак бериш мамлакатимиз ва жамиятимиз тараққиётининг муҳим омили эканлиги таъкидланди.

Сайёр қабул доирасида Нукус ҳарбий прокуратураси, ҳарбий округ, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар ҳамда Миллий гвардия бошқармалари вакиллари томонидан иштирокчиларнинг мурожаатлари тингланди.

Учрашув доирасида ўтказилган бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркасида 7 та тумандан 430 дан зиёд корхона ва ташкилот бўш иш ўринлари билан қатнашди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Камбағаликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ходимлари, тадбиркорлар томонидан ёшларнинг қизиқишидан келиб чиқиб, бандлиги бўйича якка тартибда суҳбат ўтказилди. Муҳими, доимий иш жойи билан банд бўлиши учун таклиф ва тавсиялар берилди.

Ярмаркада 3 нафар ёшга Миллий гвардияга контракт асосида ҳарбий хизматга, 18 нафар ёшга Мономарказда таҳсил олиш ва 16 нафарига «Enter injiniring» корхонасига ишлаш учун йўлланмалар берилди.

Тадбир якунида ёшлар учун Шимоли-ғарбий ҳарбий округ тарихи музейига саёҳат ташкил этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),  

ЎзА мухбирлари