“Ўзбекистон Республикаси адлия органлари тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда адлия органлари фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган.

Қонун Давлат хизматлари кўрсатишни соддалаштириш мақсадида, шунингдек, МДҲ иштирокчи-давлатларининг сохта товар белгиларининг олдини олиш бўйича ҳамкорлиги тўғрисидаги Битимни (Минск, 2021 йил 28 май) ратификация қилиш ҳақидаги қонун асосида ишлаб чиқилган.

Қонун билан Интеллектуал мулк агентлигининг вазифалари Адлия вазирлигига юклатилмоқда. Интеллектуал мулк объектлари бўйича давлат экспертизасини ўтказувчи ваколатли ташкилот сифатида Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Интеллектуал мулк маркази” давлат муассасаси белгиланмоқда.

Шунингдек, товар белгиси, товар келиб чиққан жой номи тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш муддатини қисқартириш назарда тутилмоқда.

Мазкур қонун Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида кўриб чиқилди.

Қонун билан  интеллектуал мулк соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларга жарима қўллаш, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни қўллаш ваколатлари адлия органларига ўтказилаётгани қайд этилди.

Шу билан бирга “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимида рўйхатга олинган шахсларга, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга давлат хизматларидан фойдаланишда 50 фоизлик чегирма қўлланилиши белгиланмоқда.

Бундан ташқари, сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунга алоҳида тўхталиб ўтди. Унга кўра, оилавий тадбиркорлик субъектлари энди уч нафар эмас, балки беш нафаргача доимий ишчини ёллайди. Улар билан меҳнат шартномаси тузишга ҳақли ҳисобланиши ҳамда ўз фаолиятини янада ривожлантириш имконияти яратилмоқда.

Қўмита мажлисида яна бир нечта қонунлар қизғин муҳокама қилинди ва сенаторлар томонидан қонунларни навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига киритиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА