1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни арафасида Нукус шаҳрида янгидан қуриб битказилган замонавий аквапаркнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Сўнгги йилларда юртимизда ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга, аҳолининг муносиб дам олиши учун қулай шароит яратишга, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Олти гектар майдонда ташкил этилган мазкур дам олиш масканининг қурилишига 6 миллиард сўм маблағ сарфланди. Аквапарк бир вақтнинг ўзида 600 нафар кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга. Аквапаркда ихчам қурилган ўтовлар, болалар майдончалари, болалар ва катта ёшдагилар учун бассейнлар ташкил этилган. Аҳолининг, айниқса, ёшларнинг мазмунли дам олиши учун барча қулайлик муҳайё. Лойиҳа ишга туширилиши билан 40 та янги иш ўрни яратилади.
Аквапаркнинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири