Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёль рафиқаси билан бирга 13 июнь куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.

Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Олий мартабали меҳмон шарафига икки мамлакат давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди.

Ташрифнинг асосий тадбирлари эртага, 14 июнь куни бўлиб ўтади.

Олий даражадаги музокараларда Ўзбекистон – Корея дўстлик ва алоҳида стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилади.

Саммит якунлари бўйича бир қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.

Шунингдек, икки мамлакат Президентларининг қўшма бизнес-форумда иштирок этиши кутилмоқда.

Президент Юн Сок Ёль мамлакатимизнинг бой маданий-тарихий мероси билан танишиш мақсадида Самарқанд шаҳрига ташриф буюради.

И.АВВАЛБОЕВ,

Н.ҲАЙДАРОВ (фото),

ЎзА