Раҳбар кадрлар тайёрлашнинг Сингапур тажрибаси ўрганилмоқда

Сингапур – инновацион бошқарув ёндашувлари ва давлат органлари учун малакали кадрлар тайёрлашнинг самарали тизими билан машҳур.
Ўзбекистонда шундай илғор тажрибаларни ўрганиш ва амалиётда қўллашга эътибор қаратилмоқда.
Давлат бошқаруви академиясида «Марказий ва маҳаллий давлат бошқаруви органлари учун раҳбар кадрлар тайёрлашнинг Сингапур тажрибаси» мавзусида ўтказилган давра суҳбати шу мақсадда ташкил этилди.
Тадбирда Сингапурда инновацияларга йўналтирилган таълим тизими орқали раҳбар кадрларни тайёрлаш йўлга қўйилгани муваффақият қозонгани таъкидланди.
Ли Куан Ю номидаги Давлат сиёсати мактаби давлат хизматчиларининг салоҳиятини юксалтириш борасида ўзига хос тажрибага эга. Бунинг асосий жиҳатларидан бири, таълим дастурларидир. Бунда, Сингапур давлат бошқаруви раҳбарларини тайёрлаш учун кўплаб таълим дастурларини, шу жумладан, етакчи университетларнинг дастурларини ва давлат бошқаруви ва етакчилик бўйича ихтисослашган курслар қамраб олинган.
Ўқитиш стратегик фикрлаш, ўзгаришларни бошқариш, мулоқот қобилиятлари ва ноаниқ муҳитда қарор қабул қилиш кўникмасини ривожлантиришга ҳам қаратилади.
Технологиялардан фойдаланиш, амалий тадқиқотлар, халқаро амалиёт ва бошқа мамлакатлар билан тажриба алмашиш фаол йўлга қўйилган.
Касбий ривожланишда расмий таълимдан ташқари семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирлар орқали раҳбарларнинг доимий малакаси ошириб борилади.
Этика ва ошкоралик – муҳим жиҳат. Давлат бошқарувидаги ахлоқ ва шаффофликка алоҳида эътибор қаратилади. Бу келажакдаги раҳбарлар учун таълим дастурлари ва тренингларида ўз аксини топади.
Умуман олганда, Сингапурнинг давлат бошқаруви учун етакчиларни тайёрлаш бўйича муваффақиятли тажрибаси таълимга комплекс ёндашув, компетенция ва инновацияларга, шунингдек, бошқарувдаги ахлоқ ва шаффофликка эътибор бериш билан боғлиқ.
Давра суҳбатида шу каби ва бошқа жиҳатлар ҳақида фикрлашилди. Илғор тажрибаларни нафақат ўрганиш, балки амалиётда қўллаш самарали бўлиши қайд этилди.
Н.Абдураимова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА