Эртага Ўзбекистон терма жамоаси жаҳон чемпионати саралаши доирасида Эронга қарши майдонга тушади. Ушбу беллашув олдидан вакилларимиз бош мураббийи Сречко Катанец ва яримҳимоячи Жалолиддин Машарипов матбуот анжуманида иштирок этди ва журналистлар саволларига жавоб беришди.

Сречка Катанец: – Барчага хайрли кун! Алоҳида айтадиган гап йўқ. Биз эртанги ўйинга тайёрмиз. Муҳим учрашув эканидан хабардормиз, ҳаммасини яхши тушуниб турибмиз. Нафақат Эрон, балки гуруҳдаги барча баҳслар катта аҳамиятга эга эканини айтишимиз мумкин.

Жалолиддин Машарипов: – Эртага муҳим учрашув, алоҳида эътироф шарт эмас, деб ўйлайман. Эрон билан ўйинлардаги тўсиқни йўқотадиган пайт келди. Гуруҳдаги энг қизиқ баҳс, шубҳасиз. Шундай экан биз каби бошқалар ҳам бу тўқнашувни интиқлик билан кутмоқда.

Сречка Катанец: – Футбол 0:0 ҳисоби билан бошланади. Шу сабаб, имкониятларни тенг дейиш мумкин. Йигитларга мотивация шарт эмас. Улар олдиларида қандай рақиб турганини яхши англаб туришибди.

Туркманистонга қарши озроқ муаммолар бўлди, тан оламан. Бироқ бу бизга жиддий таъсир кўрсата олмайди. Эртага биз ажойиб муҳитда ва стадионда тўп тепамиз. Ўйлайманки, ҳаммаси биз учун ижобий якунланади.

Ўзбекистон – Эрон беллашуви «Бунёдкор» стадионида эртага 18:00 да бошланади.

ЎзА