Ўзбекистон Бош прокурори ИҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорлари йиғилишида иштирок этди

307

ЖамиятТанлаш

Рўйхатдан ўтинг
12:30 / 16.05.2024

Тожикистон Республикаси Бош прокурори Ю.Раҳмоннинг таклифига биноан Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев бошчилигидаги Бош прокуратура делегацияси Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 5-йиғилишида иштирок этиш мақсадида Душанбе шаҳрига амалий ташриф буюрди.

Ташриф давомида ИҲТга аъзо бўлган давлатлар Бош прокурорлари 5-йиғилиши делегация раҳбарларининг Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон билан учрашуви бўлиб ўтди.

Давлат раҳбари меҳмонларни кутиб олиб, назорат органлари ўртасида тажриба алмашиш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида улар ўртасида мунтазам равишда йиғилишларни ўтказишнинг алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлади.

Шунингдек, ИҲТга аъзо бўлган давлатлар бош прокуратуралари делегацияларининг йиғилиши бўлиб, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, коррупция ва уюшган жиноятчиликнинг бошқа турларига қарши курашиш каби соҳаларда прокуратура органлари фаолиятининг устувор йўналишлари бўйича тажриба алмашилди.

Мазкур йиғилишда Бош прокурор Н.Йўлдошев «Ўзбекистон Республикаси прокуратура органларининг тадбиркорлар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги тажрибаси» мавзусида нутқ сўзлади.

Тадбир якунига кўра, иштирокчилар жиноятчиликка қарши курашиш, шу жумладан, ИҲТга аъзо давлатлар ваколатли органлари ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш орқали жиноятчиликка қарши курашиш йўналишида саъй-ҳаракатларни янада бирлаштириш зарурлигини таъкидлади.

 

Н.Абдураимова,  

ЎзА