Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Корея Республикасининг “Еvergreen Мotors Group” компанияси бошлиғи Чанг Кеон Ким раҳбарлигидаги делегация қабул қилинди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Ерниязов меҳмонларни Қорақалпоғистонга қилган ташрифи билан қутлаб, икки давлат ўртасидаги турли соҳалардаги алоқалар, давлатимизда ҳамкорлик бўйича яратилган шароитлар ва имкониятлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёвнинг ўтган йилнинг 22-24 ноябрь кунлари Корея Республикасига давлат ташрифи стратегик шериклик муносабатларда янги босқич бўлди. Шунинг билан бирга, маданияти ва менталитети бир бирига яқин бўлган халқларимизни эски дўстлик алоқалари боғлаб туради. Ўтган йили корейс миллатига мансуб бўлган ватандошларимизнинг Ўзбекистонда, шу жумладан Қорақалпоғистонда яшаётганлигининг 80 йиллиги кенг тарзда нишонланди.
“Еvergreen Мotors Group” компанияси бошлиғи Чанг Кеон Ким самимий қабул учун Жўқорғи Кенгес Раисига миннатдорлик билдирди. Ташриф давомидаги режалар, амалга ошириладиган лойиҳаларга тўхталиб ўтди.
– Ташриф давомида тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум ўтказиш, Беруний тумани ҳудудида қуриладиган цемент заводининг қурилишини бошлаш, қатор даволаш муассасаларида бўлиб, истиқболдаги ҳамкорлик бўйича меморандум имзолаш режалаштирилган, – дейди делегация раҳбари, “Еvergreen Мotors Group” компанияси бошлиғи Чанг Кеон Ким. – Бу ҳамкорлигимиздаги дастлабки қадам бўлиб қолади. Сабаби, жорий йилнинг август ойида Корея Республикасидан соғлиқни сақлаш ходимлари, тадбиркор ва сайёҳлардан иборат делегациясининг Қорақалпоғистон Республикасига келиши кутилмоқда.
Анвар Насирлаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА