Мамлакатимизнинг барча ҳудудлари сингари Қорақалпоғистон Республикасида ҳам “Маънавият марафони” доирасида “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” ғояси асосида қатор тадбирлар ташкил этилди.

Aжиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида “Маънавият марафони”нинг тантанали очилиш маросими ўтказилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари Р.Нуразизов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Т.Атамуратов, Нукус давлат педагогика институти ректори вазифасини бажарувчи Қ.Қодиров, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори Қ.Исмайлов сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёш авлодни замон билан ҳамнафас, ватанпарварлик ва инсонпарварлик руҳида, ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли ёт ва бегона таъсирлардан асраш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Бу борада ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган “Маънавият марафони” доирасидаги тадбирлар алоҳида аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди. Ушбу тадбирларнинг “Биз бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” ғояси асосида ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки донишманд халқимизнинг “Элнинг кучи – бирликда, элнинг бахти – тинчликда”, деганидек, бирлашган халқ, бирлашган жамият ўзининг бунёдкорлик салоҳияти билан буюк ишларга қодир бўлади.

Маросим иштирокчилари институт жамоаси, профессор-ўқитувчилар, талаба-ёшларнинг сўнгги йилларда қўлга киритган ютуқларини акс эттирувчи, шунингдек, талабалар томонидан тайёрланган қўл меҳнати намуналари ҳамла китоблар кўргазмаси билан танишдилар.

Тадбир иштирокчиларига мазкур олий ўқув юртининг “Тўмарис” ашула ва рақс ансамбли, “Сий парда” ва “Тараннум” ансамбллари ижросидаги концерт дастури намойиш этилди.

“Маънавият марафони” доирасидаги тадбирлар энг чекка ҳудудларда ҳам бўлиб ўтди. Жумладан, Мўйноқ туманидаги 5-умумтаълим мактабида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Дўстлик” ордени  ва “Шуҳрат” медали соҳибаси К.Насирова иштирокида “Бу китобни ҳар бир инсон ўқиши керак” мавзусида маҳорат дарси, туман Маданият маркази кутубхонасида Ахборот- кутубхона маркази билан ҳамкорликда илмга қизиқувчан ёшлар иштирокида “Инсон китоб билан, китоб инсон билан тирик” лойиҳаси, ўқувчиларда ватанпарварлик фазилатларини шакллантириш  мақсадида 4-умумтаълим мактабида “Ватаним  байроғини баланд кўтараман!” номли эстафета байроғи учун мусобақа бўлиб ўтди.

Шунингдек, туманларда “Касб-ҳунар олимпиадаси”, “Бахтли бўлиш ўз қўлимизда”, “Фазилатли халқ” лойиҳалари, “Энг яхши ихтиро ва кашфиёт”, “Энг яхши ижодий иш”, “Энг яхши маҳсулот” кўргазмалари, “Аждодлар  мардона руҳи бизга ёр!” мавзусида шеърлар ва расмлар танлови, “Маънавий экскурсия” лойиҳаси доирасида олий таълим муассасалари талабалари учун театр ва музейларга саёҳат каби қатор тадбирлар ташкил этилди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари