Нукусдаги Кино-концерт залида тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этиб, соҳа ходимлари ва фахрийларни касб байрами билан табриклади.

Тадбирда таъкидланганидек, ўтган қисқа давр мобайнида соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар замонавий тиббиёт муассасаларининг қад ростлашида,  соҳанинг моддий-техник базасини мустахкамлашда, чекка ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлашда алоҳида аҳамият касб этмоқда. Президентимиз томонидан қабул қилинган “Қорақалпоғистон Республикасида 2022-2024 йилларда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишни янада кучайтириш тўғрисида”ги қарор асосида Нукус шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибида 20 ўринли хирургия бўлими ҳамда  оғир беморлар учун 20 ўринли паллиатив ёрдам кўрсатадиган бўлим ташкил этилиб, Мўйноқ, Бўзатов, Қораўзак, Тахтакўпир, Шуманай, Қонликўл туманлари кўп тармоқли марказий поликлиникаларининг айрим тор соҳа мутахассислари (кардиолог, онколог, уролог, отоларинголог, болалар отоларингологи, невролог, болалар неврологи) лавозимлари оширилди. Шунингдек, сурункали касаллиги ва ногиронлиги мавжуд бўлган болалар учун 120 ўринли болалар тиббий реабилитация маркази ташкил этиш ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йилда Инвестиция дастури асосида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази филиали биносида, Кегейли туманидаги “Янги Ўзбекистон” массивида жойлашган қишлоқ шифокорлик пунктида, Амударё туман тиббиёт бирлашмаси туғуруқ бўлими, Нукус туманидаги Ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш ва протезлаш маркази биносида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари бажарилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори асосида 6 та тиббиёт объектида 40,8 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Тадбирда байрам муносабати билан соҳа фидойиларига мамлакатимиз ва Қорақалпоғистон Республикасининг фахрий унвонлари, орден ва медаллари, кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқлар топширилди.

Тантанали тадбир санъат усталари концерти билан янада файзли бўлди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари