Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан 11 ноябрь – Ўзбекистон Касаба уюшмалари куни муносабати билан “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғоясини мужассам этган мурувват тадбирлари ўтказилмоқда.
Кенгаш ходимлари ва фаоллари Нукус шаҳридаги “Имкон” реабилитация марказига эга бўлган кўп тармоқли ихтисослаштирилган мактабгача таълим ташкилотида бўлди. Меҳмонлар бу ерда тарбияланувчиларига яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, ходимлар билан суҳбатлашди. 2019 йил март ойида ташкил этилган марказда 10 та гуруҳда 121 нафар имконияти чекланган бола хорижда малака оширган мутахассисларнинг назорати остида даволаниш имкониятига эга.
Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши раиси, сенатор У.Жалменов давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламларини, имконияти чекланган шахсларни, айниқса, эртанги кунимиз эгаларининг манзилли ижтимоий муҳофазасини кучайтириш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирди. Ҳар йили байрам арафасида касаба уюшмалари томонидан мурувват тадбирларини ўтказиш анъанага айланмоқда.
Байрам муносабати билан фаол ходимларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда тарбияланувчи болаларга совғалар топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари