O’zLiDeP Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан “O’zLiDeP – 20 ёшда” шиори остида маҳорат дарси ташкил этилди. Унда депутатлар, тегишли ташкилот вакиллари, тадбиркор хотин-қизлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари К.Артиков, Нукус шаҳар Кенгаши депутати А.Саипова ва бошқалар томонидан мамлакатимизда кейинги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган  ислоҳотлар, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги устувор йўналишлар ҳамда мақсадлар қайд этилди. Стратегиядаги ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш, уларнинг ҳаёт сифати ва даражасини ошириш, ногиронлиги бўлган муҳтож шахсларни реабилитация хизматлари билан тўлиқ қамраб олиш, мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таъкидланди.

–Бу каби болалар тарбияси билан шуғулланаётган оналарни ҳақиқий қаҳрамон дейиш мумкин, – дейди “Ўзбекистон махсус олимпиадаси” жамоат бирлашмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими  раҳбари Гулшат Турсимуратова. –Ҳар бир она фарзандининг ғалабасидан хурсанд бўлади,ютуқ  уни илҳомлантиради,  у билан бирга турли тадбирларда иштирок этади, бир-бири билан мулоқот қилиш орқали кўплаб муаммолар ҳал бўлади.

Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси  Кенгаши томонидан ташкил қилинган тадбирга оналари билан биргаликда ташриф буюрган болажонларга тадбиркор қизлар  оддийгина  қоғоз  парчаларидан қандай буюмлар ясаш мумкинлиги, қўл меҳнати билан қилинадиган ишлар, туғилган кун ёки турли байрамларда совғалар тайёрлаш бўйича тавсия ҳамда маслаҳатларини беришди.

Махсус олимпиада – бу нафақат спорт, илк муваффақият ва ғалабалар, балки кучларни бирлаштириш, қийин вазиятлардан чиқиш йўлини топиш, янги дўстлар орттириш ва ўзи каби алоҳида эътиборга муҳтож болалар билан яқин бўлиш имкониятидир.

Тадбир давомида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан 15 ноябрь партия ташкил этилганига  20 йил тўлиши муносабати билан  имконияти чекланган болажонларга эсдалик совғалари топширилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири