Қорақалпоқ давлат ёш томошабинлар театрида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан 11 ноябрь – Касаба уюшмалари куни муносабати билан маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” ғояси остида ташкил этилган тадбирда тегишли вазирликлар, корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, меҳнат фахрийлари ҳамда касаба уюшмалари фаоллари иштирок этди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этиб, иштирокчиларни байрам билан табриклади.

Тадбирда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Қорақалпоғистон Кенгаши томонидан 2023 йил иш режасига, шунингдек, “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили” чора-тадбирларига мувофиқ бир қатор ишлар амалга оширилгани қайд этилди. Жумладан, жамоат шартномалари орқали ҳар бир ишловчига ўртача ҳисобланган маблағ миқдори 4984,3 минг сўмни ташкил этиб, бу кўрсатгич ўтган йилга нисбатан 7,2 фоизга ўсган.

Жорий йилнинг 10 ойи давомида Давлат дастури доирасида корхона, ташкилот ва муассасаларда жамоат шартномалари орқали ижтимоий ҳимояга муҳтож кам таъминланган оилалар, ишловчи пенсионерлар, корхонада аввал ишлаган ходимлар, ногиронлар, хотин-қизлар ва ёшларни моддий томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича 10 минг 241 нафар ходимга жами 3 миллиард 584 миллион 659 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 2 октябр куни Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари саккизинчи сессиясида белгиланган топшириқлар ҳамда 2020 йил 8 октябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда учраётган муаммолар ва уларни ҳал этиш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чоралар ҳақида”ги мажлис баёнига мувофиқ, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан Бўзатов туманида санаториянинг қурилиш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, Нукус шаҳри “Чимбой гузари” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги замонавий турдаги болалар соғломлаштириш оромгоҳининг қурилиши ҳам бошланди.

2023 йил ёз мавсумида 11 стационар турдаги оромгоҳда жами 7 минг 670 нафар, 69 та маданият ва спорт майдончасида 16 минг 750 нафар бола дам олди. Шу билан бирга, жорий йил 2-9 январь кунлари болаларнинг қишки ўқув таътилида 100 нафар, 18-24 март кунлари баҳорги ўқув таътилида 100 нафар, жами 200 бола Мўйноқ туманидаги “Оқ кема” оромгоҳида соғломлаштирилди.

“Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудидаги диққатга сазовор жойларга 2 минг 646 нафар ҳамда тарихий шаҳарларга 2303 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари саёҳати уюштирилди. Ушбу мақсадлар учун жами 1 миллиард 255 миллион сўм маблағ сарфланди. Корхона ва ташкилотларда ишловчи 13 минг 91 нафар ходим театр ва музейларга олиб борилди.

Жорий йилда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясига қарашли санаторияларида Қорақалпоғистондан 3 минг 220 нафар киши имтиёзли йўлланма билан таъминланиб, шундан 259 нафари бепул соғломлаштирилди. Кенгаш томонидан 28 нафар кам таъминланган оилага 18 миллион 620 минг сўм моддий ёрдам кўрсатилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 31 мартдаги “Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида хотин-қизларнинг муаммолари “маҳаллабай” ўрганилди. 452 та фуқаролар йиғинидан 30 ёшдан юқори бўлган жами 55 минг 51 нафар хотин-қиз 6 та тоифа бўйича “Аёллар дафтари”га киритилди. Жорий йил 1 ноябрь ҳолатига “Аёллар дафтари”нинг 4-босқичига киритилган 49 минг 798 нафар хотин-қизга тоифалар бўйича ёрдам берилди.

Тадбирда бир қатор фаоллар Қорақалпоғистон Республикаси унвони ҳамда кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Шу билан бирга, “Аёллар дафтари” тизими самарадорлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг муаммоларини ҳал этишда ўзининг фидокорона меҳнати билан барчага намуна кўрсатган масъулларни муносиб рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси томонидан ташкил этилган “Энг яхши маҳалла раиси”, “Энг яхши ёшлар етакчиси”, “Энг яхши хотин-қизлар фаоли”, “Энг яхши профилактика инспектори”, “Энг яхши ҳоким ёрдамчиси” танловининг Ўзбекистон Республикаси босқичи ғолиблари пул мукофотлари билан тақдирланди.

Ватанимиз ривожи ва унинг қудратини ошириш йўлидаги ишларда фаол иштирок этган меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, касаба уюшмаларининг обрўсини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир қатор ходимлар Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг “Эҳтиром нишони”га сазовор бўлди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари томонидан юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига ҳамда аҳоли турмуш даражасини оширишга, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга ҳамда уларнинг саломатлигини тиклашга, маданият ва спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бир қатор ходимлар ҳамда фахрийларга эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир санъат усталари ижросидаги байрам концерт дастури билан давом этди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари