Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 17 июндаги “Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари билан ерларни, айниқса, суғориладиган ерларни сақлаш бўйича бир қанча вазифалар белгилаб берилди.
–Жорий йил бошидан буён октябрь ойи охирига қадар умумий 175 та ҳолатда 3,30 гектар ер майдони фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси Нукус шаҳар бўлими бошлиғи A.Узақбаев. – Бу бўйича тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, уларнинг ҳар бирига огоҳлантириш хати берилди.
Кўрилган чоралар натижасида 60 та ҳолатда 1,31 гектар ер майдонининг шаҳар ҳокимлиги захирасига қайтарилиши таъминланди. 115 та ҳолатда эса 1,98 гектар бўш ер майдонини захирага қайтариш чораси кўрилмоқда. Шунингдек, 93 та ҳолатда 1,74 гектар ер майдони юзасидан судларга даъво аризаси киритилди. Шундан 3 та ҳолатда 0,091 гектар ер бўйича тўпланган ҳужжатлар прокуратурага ўтказилди.
Кадастр агентлиги Нукус шаҳар бўлими томонидан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан 205 нафар жисмоний ва юридик шахсга 1 миллиард 446 миллион 900 минг сўм жарима қўлланилди.
Бўлим томонидан ўз олдига қўйган мақсад ва бизнес-режалари асосида ноқонуний ер эгаллашнинг олдини олиш чораларини кўрмоқда. Жумладан, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида жисмоний ва юридик шахслардан 86 та мурожаат келиб тушган бўлиб, улар тегишли тартибда ўрганиб чиқилмоқда.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири