Қорақалпоғистон Республикаси суди ҳамда маъмурий суди, Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари малака ҳайъатининг раислари томонидан онлайн қабул ўтказилди.

Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак. Бу элпарвар тамойил давлатимиз сиёсатининг устувор йўналиши этиб белгиланиб, жойларда раҳбарлар билан жонли мулоқотлар, сайёр ва онлайн қабуллар йўлга қўйилгани одамларда муаммоларни ҳал қилиш мумкинлигига катта умид ва ишонч уйғотди. Соҳаларда ўз ечимини кутиб турган қатор масалалар бартараф этилиб, қулайлик яратилгани эса муаммоларни тизимли ҳал этиш баробарида, уларга оид мурожаатларнинг камайишига таъсир кўрсатмоқда.

Қабулда Хўжайли, Шуманай ва Қонликўл туманлари фуқароларининг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаатлари тингланди. Масофадан ўтказилган мазкур тадбир фуқароларнинг вақтини тежаш билан бирга, ортиқча қоғозбозлик ва оворагарчиликнинг олдини олишга ҳам ёрдам беради.

Шуманай тумани “Айбуйир” овул фуқаролар йиғинида яшовчи Г.Қалжанова фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг суд буйруғидан норози эканлигини таъкидлаб, мутасаддиларга мурожаат қилди. Фуқаронинг коммунал тўловлардан қарздорлиги бўлганлиги учун суд буйруғига асосан ундан ундирилиши керак бўлган қарздорлик Мажбурий ижро бюроси Нукус шаҳар бўлими томонидан нафақа пулидан ушлаб қолинган. Мурожаат эгасига фуқаролик ишлари бўйича Нукус туманлараро судининг ажрими устидан апелляция тартибида шикоят бериш ҳуқуқи тушунтирилди.

Яна бир шуманайлик Б.Сагатов жиноят ишлари бўйича туман судининг 2018 йилги ҳукмига асосан фуқаро А.Бекбаулиевдан ундирилиши лозим бўлган пулларни Мажбурий ижро бюроси томонидан ундирилмаётганлигидан норози эканини билдириб, А.Қурбанова эса шартномани ҳақиқий бўлмагани сабабли бекор қилиб беришни сўраб Қорақалпоғистон Республикаси суди раисига мурожаат қилди. Уларга Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига, фуқаролик ишлари бўйича Қўнғирот туманлараро судига мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.

Онлайн қабул жараёнида жами олти нафар фуқаронинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид мурожаати тингланиб, тегишлилиги бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Ўрганиш учун вақт ва муддат талаб қиладиган мурожаатлар суд раиси томонидан назоратга олинди. Мунтазам ўтказилаётган онлайн қабуллар инсон манфаатларини таъминлаш, одамлар билан мулоқот қилиш, уларнинг ташвишлари, орзу-ниятлари, ҳаётий эҳтиёжларни ўрганиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларнинг узвий давомидир.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.