ФОТОРЕПОРТАЖ

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида 4 ноябрь куни старт олган “Тоза шаҳар” (Тоза қала) акцияси шаҳар маркази майдонида гала-концерт билан якунланди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А. Оринбаев иштирок этиб, шаҳар кўча ва хиёбонлари, маҳаллалари ҳамда атроф-муҳит тозалиги ва ободлигини таъминлашда, кўчат экиш ишларида фаол қатнашган фуқароларга миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, бир қатор олий таълим даргоҳлари, корхона ва ташкилотлар вакиллари, маҳаллалар фаоллари ҳамда талаба-ёшлар махсус диплом ва эсдалик совғалари билан рағбатлантирилди.

Таъкидлаш керак, акцияда олий таълим даргоҳлари билан маҳаллалардан 15 мингдан зиёд кўнгилли ўғил-қиз ҳамда 40 мингга яқин фуқаро фаоллик кўрсатди. Улар кўмаги билан 225 гектарга яқин ер майдони ободонлаштирилиб, ҳудудга 3 мингдан ортиқ мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги томонидан тайёрланган гала-концерт тадбирга кўтаринки руҳ бағишлади.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат),ЎзА фотомухбири