Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Янги Ўзбекистон – халқлар дўстлиги замини” шиори остида миллатлараро дўстлик фестивали бўлиб ўтди. Унда Республика Маънавият ва маърифат маркази Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, республикада фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказлар, Беларусь Республикаси Полесск давлат университети вакиллари, профессор-ўқитувчилар ҳамда талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари бир оила фарзандидек тенг ҳуқуқли ва аҳил яшаб келаётганини, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, маданияти, урф-одатларини асраш ва ривожлантириш учун давлатимиз томонидан барча шароит яратилганини таъкидлади. Шунингдек, Ватанимизда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг миллати, динига қарамасдан тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратиш давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири эканлиги қайд этилди.

Дарҳақиқат, юртимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш, турли миллат ва элатларнинг миллий анъана ва қадриятларини асраб-авайлаш, уларни янада ривожлантириш, бойитишга барча имкониятлар яратилган. Бу, ўз навбатида, Ватанимизнинг янада тараққиёти, кўп миллатли халқимиз ўртасида дўстлик ва тотувлик учун хизмат қилмоқда.

Фестиваль доирасида талаба-ёшлар томонидан “Миллий қадриятларнинг энг фаол тарғиботчиси”, “Ёш ошпазлар” танловлари, психологик тренинглар, миллий урф-одат ва анъаналаримиз бўйича саҳна кўринишлари, рассомлар кўргазмаси намойиш этилди. Шунингдек, миллий-маданий марказларнинг кўргазмаси ҳамда ўқув юрти талаба-ёшлари ижросидаги концерт дастури иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари