Жорий йилнинг 31 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ва “Газпром” АЖ бошқаруви раиси Алексей Миллер ўртасида ишчи учрашув бўлиб ўтди.

«Санкт-Петербург халқаро газ форуми – 2023” доирасида ўтказилган учрашувда томонлар ҳамкорликнинг бориши ҳамда истиқболларини кўриб чиқди. Хусусан, жорий йилнинг октябрь ойида бошланган Россия газини Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга етказиб бериш масаласи муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистон истеъмолчиларини энергия билан барқарор таъминлашда “Марказий Осиё – Марказ” газ қувурлари тизими асосидаги махсус ажратилган йўналиш алоҳида ўрин тутиши, бу, айниқса, куз-қиш мавсумида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Учрашувда Жўрабек Мирзамаҳмудов ва Алексей Миллер энергетика комплексидаги ҳамкорлик бўйича стратегик меморандумни имзолади.

Ҳужжатга кўра, томонлар газ таъминоти ҳамда ташиш соҳасида, шунингдек, углеводородларни геология-қидирув ва қазиб олиш йўналишларида ҳамкорликни янада ривожлантиради.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА