Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қирқ олтинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, секторлар ҳамда тегишли соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда дастлаб суд ва бошқа органлар ҳужжатларининг ижроси бўйича Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармасига парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Жўқорғи Кенгеснинг қўмита раиси З.Реймованинг ахбороти тингланди ва тегишли қарор қабул қилинди.

Депутатлар томонидан, шунингдек, 2023 йилнинг 9 ойи давомида Инвестиция дастури асосида амалга оширилиши белгиланган ишлар, шу жумладан, ҳудудий инвестиция лойиҳаларининг ишга туширилиши, хорижий инвестицияларни жалб қилиш ва экспорт кўрсаткичларининг бажарилиши тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо  вазирининг ҳисоботи,  2023 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш ва белгиланган майдонларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш бўйича амалга оширилган ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳисоботи, Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш ва уларнинг профилактика ҳолати тўғрисида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ҳисоботи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг тегишли қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги ва бошқа муҳим масалалар кўриб чиқилди.

Кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА мухбирлари