Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича оптик толали линияларнинг жами узунлиги 198 минг кмга етди, аҳоли масканларининг интернет тармоғи билан қамрови 80 фоизга етказилди. Кенг полосали интернет билан таъминланган хўжаликлар, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий объектлар сони 4,7 миллионга, мобил алоқа қамрови 90 фоизга етказилди.

Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида рақамли технологиялар вазири маслаҳатчиси Дониёр Рустамов айтиб ўтди. Мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига олис ҳудудларда Интернет ва алоқа қамровини ошириш учун шароитларни кенгайтиришга қаратилган қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.

— Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳам республикамиз ҳудудларини интернет билан таъминлаш масаласи белгиланган, — деди вазир маслаҳатчиси. — Бу борада қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Кўрилаётган чораларга қарамай, тоғли ва чекка ҳудудлардаги 100га яқин аҳоли масканларига интернет етиб бормаган. Бунга сабаб телекоммуникация тармоқлари қамраб олинмаган аҳоли масканларининг барчаси олис ва тоғли ҳудудлар ҳисобланади. Уларни оптик толали линиялар билан таъминлаш мураккаб ва харажати юқори. Аҳоли сонининг камлиги эса харажатларни оқламайди. Бундай ҳолатда йўлдошли алоқалар билан таъминлаш осонроқ ҳисобланади.

Шу мақсадда ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси билан маҳаллий йўлдош алоқа тармоғини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва хизматлар кўрсатиш учун мавжуд давлат божларини камайтириш кўзда тутилмоқда. Бу орқали маҳаллий йўлдош алоқа турларини кўпайтириш ва уларнинг фаолият кўрсатиши учун кенг имкониятларни яратиш назарда тутилмоқда.

Қизғин муҳокамалар давомида депутатлар ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди, қатор саволлар ўртага ташланди.

Муҳтарама Комилова,

Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА