Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигининг махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) фаолияти самарадорлигини ошириш ва уларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

Очиқ ва ҳар томонлама муҳокама давомида ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, иқтисодиётга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва инновацияларни жалб қилиш, инфратузилмани ривожлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш соҳасида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан белгиланган вазифаларни амалга оширишда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналарига муҳим аҳамият берилаётгани таъкидланди.

Кейинги йилларда қонунчиликни такомиллаштириш ва қулай инвестиция муҳитини яратиш бўйича кўрилаётган муҳим чора-тадбирлар натижасида 13 ҳудудда 25 та махсус иқтисодий зона фаолият олиб бормоқда. Уларда умумий қиймати 47,1 триллион сўмлик 650 та лойиҳа амалга оширилди.

Шу билан бирга, Сенат қўмитаси томонидан ўтказилган ўрганишлар ҳамда Сенат Раисининг мамлакат ҳудудларига ташрифлари давомида тадбиркорлар билан ўтказган мулоқотлари чоғида МИЗ фаолияти самарадорлигини пасайтирувчи бир қатор камчиликлар аниқлангани алоҳида таъкидланди.

Зарур муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг стратегияси узоқ муддатга мўлжалланмагани, шунингдек, экспорт кўрсаткичлари пастлиги билан боғлиқ муаммолардир.

Бундан ташқари, сенаторлар махсус зоналарни бошқаришнинг замонавий ва самарали механизмларини жорий этиш муҳимлигини қайд этди. МИЗларга инвестицияларни жалб этиш фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича «йўл харитаси» ижроси ҳолатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Сенаторлар «йўл харитаси»нинг қатор бандлари тўлиқ ва ўз вақтида бажарилмагани учун қатор тегишли идораларни танқид қилди. Масалан, шу пайтгача МИЗ дирекциялари ходимлари учун малака ошириш курслари ташкил этилмаган, зоналар ҳудудида ишлаб чиқаришни ўз вақтида йўлга қўйиш, маҳсулот экспорт қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва инвестиция мажбуриятлари бажарилишини тезкор назорат қилиш имконини берадиган янги электрон тизим ишга туширилмаган.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан қатор таклифлар ҳам билдирилди. Хусусан, саноат зоналаридаги бўш ер майдонларини фақат тўлиқ инфратузилма билан таъминлангандан ҳамда ер майдонларини тайёрлаш ишлари якунлангандан сўнг тадбиркорларга ажратиш тартибини ишлаб чиқиш, МИЗ дирекцияси, мaъмурий кeнгaши фaoлияти сaмaрaдoрлигини бaҳoлaш ҳамда рaғбaтлaнтириш тизимини жoрий этиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлис якунида қўмитанинг таклиф ва тавсиялари акс этган қарори қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА