«Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонунда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалаларни давлат органлари ва ташкилотларда ўрганиш бўйича ишчи гуруҳининг йиғилиши ўтказилди.

Айтиб ўтиш жоизки, Президентимизнинг 2024 йил 5 июнда «Ўзбекистон Республикасининг «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонуни ижросини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорда қонун ижросини самарали ташкил этиш, қонун билан белгиланган талабларни давлат органлари ва ташкилотларида жорий этишда ходимларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, қонунни амалга киритишга ҳар томонлама ва пухта тайёргарлик кўриш каби масалалар қамраб олинган.

Шу асосда қонун ижросини ташкил этиш ишларини мувофиқлаштириш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ва Адлия вазирлиги мазкур комиссиянинг ишчи органлари этиб белгиланди.

Қонунда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалаларни давлат органлари ва ташкилотларда ўрганиш бўйича ишчи гуруҳлар ҳам тузилди.

Адлия вазири ўринбосари X.Мелиев раҳбарлигида ўтказилган ишчи гуруҳ йиғилишида амалга оширилиши зарур бўлган масалаларга эътибор қаратилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини вазирликлар ва идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбар ва масъул ходимларига етказиш ҳамда келгусида бажариладиган вазифалар белгилаб олинди.

Н.Абдураимова, ЎзА