“Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига киритилаётган ўзгартишларга кўра, фуқаролар ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган маъмурий органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилганда ундириладиган давлат божи миқдорини пасайтириш белгиланмоқда.

Қонунчилик палатасининг мажлисида “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига маъмурий судларга мурожаат қилишда фуқароларга янада қулай шароитлар яратишга қаратилган ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда муҳокама қилинди.

Депутат Ш.Назаров лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида амалга оширилган ишлар, тузатиш ва қўшимчалар хусусида маълумот берди. Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши фуқароларга ўзларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузаётган давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтиради.

Муҳтарама Комилова,

Даврон Эрназаров (сурат), ЎзА