Парламент қуйи палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига фуқароларнинг ижара муносабатлари ва пенсия таъминоти борасидаги ҳуқуқларини мустаҳкамлашга қаратилган ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

— Ушбу қонун лойиҳаси билан “Ижара тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ижарачи ногирон бўлиб қолганлиги ҳолати ижара шартномасини тўхтатиш учун асос бўлишини бекор қилишни назарда тутувчи ўзгартириш киритилмоқда, — деди Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева. — “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонунда пенсионерларга ҳисобланган, лекин улар томонидан талаб қилиб олинмаган пенсияларни олиш муддати икки бараварга, яъни ўн икки ойдан йигирма тўрт ойгача узайтирилиши, пенсиялар миқдори йил давомида товарлар ва хизматларнинг истеъмол нархлари индекси даражасининг ўсиш суръатлари инобатга олинган ҳолда ошириб борилиши назарда тутилмоқда. Шунингдек, озодликдан маҳрум қилинган даврида маҳкумлар томонидан амалга оширилган фаолият даври пенсия олиш ҳуқуқини берадиган фаолият тури сифатида ҳисобга олиниши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида лойиҳанинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятидан келиб чиқиб, унинг номи ҳамда муқаддима қисмига таҳририй тузатишлар киритилди. “Ижара тўғрисида”ги қонуннинг бир қатор моддаларига ўзбек ва рус тилларидаги матнларини ўзаро мувофиқлаштириш мақсадида таҳририй ўзгартириш киритилди. Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши пенсионерларнинг моддий фаровонлигини оширишга, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижара муносабатларига оид ҳуқуқларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, — деди депутат.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан муҳокама қилиниб, иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА