Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида вазирлик-идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг давлат тили бўйича маслаҳатчилари Республика семинари ташкил этилди.

Илк бор ташкил этилган семинар аввалида Адиблар хиёбонида улуғ мутафаккир бобомиз Алишер Навоий ҳайкали пойига гуллар қўйилиб, сўз мулкининг султонига эҳтиром кўрсатилди.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Алишер Навоий” романи муаллифи Исажон Султон ҳамда филология фанлари доктори, профессор, навоийшунос олим Шуҳрат Сирожиддинов иштирокида “Адабиёт – халқнинг юраги” мавзуида учрашув бўлиб ўтди.

Шундан сўнг асосий мақсади давлат тили бўйича маслаҳатчиларнинг малакасини ошириш ҳамда фаолиятини самарали йўлга қўйишга кўмаклашиш бўлган семинар иши бошланди.

Семинарни очар экан, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Холбўтаев ва бошқалар мамлакатимизда она тилимизни ривожлантириш бўйича муайян тизим яратилгани ўзининг ижобий натижасини бераётганини таъкидлади.

– Адабиётга, маънавиятга, она тилимизга бўлган эътибор наинки мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам юксак эътироф этилмоқда, – деди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти раҳбари Нодир Холбўтаев. – Гарчи она тилимизни ривожлантиришга оид эзгу ташаббуслар 2019 йилда янада кучайди. Она тилимиз ривожи ҳақида гап кетганда, барчанинг куч-ғайратини бирлаштириш долзарб аҳамият касб этади. Зеро, тил миллатнинг бирлиги, барҳаётлигини, мамлакатнинг асосини кўрсатувчи восита.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ўзбек тилини янада ривожлантириш, унинг давлат тили сифатида нуфузини оширишга жуда катта аҳамият қаратилмоқда.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, туман (шаҳар) ҳокимларининг давлат тили бўйича маслаҳатчилари лавозими жорий этилганининг ўзи ҳам давлат тилини ривожлантиришга бўлган эътиборнинг бир намунасидир.

Семинар иштирокчилари Президентимиз илгари сурган “Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор, деб давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она-Ватанга эҳтиром ва садоқат, деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим”, деган ғоя давлат тили бўйича маслаҳатчилар фаолиятининг асосий дастуриламали бўлиб хизмат қилиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Иштирокчилар Давлат тили бўйича маслаҳатчилар олдида турган долзарб вазифаларни муҳокама қилди. Ўзбек тилининг асосий имло қоидалари, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг ўзига хос хусусиятлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳаларини лингвистик экспертизадан ўтказишнинг долзарб масалалари, реклама тўғрисидаги, географик объектлар номлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари ижроси бўйича муаммолар ва уларнинг ечимлари юзасидан фикр алмашилди.

Семинарда республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари марказий аппаратларида ташкил этилган соҳага оид янги сўз ва атамаларнинг ўзбекона муқобиллари ҳамда уларни бир хилда қўллаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқувчи Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятини самарали йўлга қўйиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.

Янги сўз ва атамаларни истеъмолга киритиш бўйича ушбу ишчи гуруҳлар Атамалар комиссияси билан бир тизим бўлиб ишлаши зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, семинарда юридик атамаларнинг электрон луғати, ўзбек номларининг изоҳли луғати, ўзбек номларининг изоҳли луғати ва мобиль иловаси, millinynom.uz электрон платформасининг тақдимотлари ўтказилди.

Семинарнинг иккинчи кунида Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Рақамли Тошкент” геоахборот тизимининг тақдимотини ўтказиш режалаштирилган.

Назокат Усмонова, 
Муродхон Хўжаев (сурат), 
ЎзА