Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, давлат бюджети маблағларининг самарали сарф этилишини назорат қилиш, давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йил тўққиз ойида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, ОАВда эълон қилинган маълумотлар ҳамда давлат харидларини амалга оширишда қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳудудлар ва соҳалар кесимида бир қатор ўрганишлар ўтказилди.

– Аниқланган қонун бузилишларни бартараф этиш юзасидан вазирлик ва идораларга 189 тақдимнома, жавобгарлик масаласини ҳал қилиш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга 188 сўровнома юборилди, – деди Агентлик масъул ходими Феруза Миркомилова. – Шу асосда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан 19 жиноят иши ва 73 маъмурий иш қўзғатилди, 61 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган давлат харидлари бўйича 158 ҳолатда 330 миллиард сўмлик хато ва камчилик аниқланди.

Давлат харидлари бўйича қонун бузилиши ҳолатлари асосан давлат буюртмачилари томонидан манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш, аффилланганлик ҳолати, рақобатни чекловчи шартларни киритиш ҳамда харид комиссияси аъзолари томонидан овозларни сохталаштириш (битта IP-адресда овоз бериш) билан боғлиқ ҳолда содир этилмоқда.

Агентлик томонидан республика бўйича иқтисодий ва ҳакамлик судлари томонидан 2021 ва 2022 йилларда кўрилган шартномавий муносабатлар билан боғлиқ ишлар ўрганилганда давлат буюртмачилари томонидан қонунни бузган ҳолда рақобатли харид шаклларини (танлов, тендер) амалга оширмасдан шартномалар тузиб, уларни ғазначилик органларидан рўйхатдан ўтказмасдан бажарилган иш ёки товарлар етказиб берилгандан кейин, ушбу шартнома бўйича тўловларни суд орқали ундириш тизимли амалиётга айлангани маълум бўлди.

Хусусан, республика бўйича 592 та ҳолатда 427,2 миллиард сўмлик ғазначилик идорасидан рўйхатдан ўтмаган шартномалар бўйича тўловни ундириш учун суд қарорлари чиқарилган.

Энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, олий таълим, мактабгача ва мактаб таълими, бандлик, сув хўжалиги, автомобиль йўллари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари тизимида коррупцияга сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди ҳамда масъул вазирлик ва идораларга юборилди.

Таҳлил натижаларига кўра, ушбу соҳаларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти самарали ташкил этилмагани, аҳолига давлат хизматларини кўрсатишда ортиқча бюрократик тўсиқлар ўрнатилгани маълум бўлди.

Вазирлик ва идораларда ички назорат тизими фаолиятининг йўлга қўйилганлик ҳолати жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Ушбу йўналишдаги фаолиятни самарали ташкил этишга қаратилган 25 тақдимнома ва битта огоҳлантириш тегишли ташкилотларга юборилди.

Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш амалга оширилди. Унда 62 давлат ташкилотининг фаолияти баҳоланди. Натижаларга кўра, 12 ташкилот фаолият самарадорлиги “яхши”, 30 ташкилот “қониқарли”, 20 ташкилот “қониқарсиз” тоифаларга ажратилди.

Масалан, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги, Сув хўжалиги вазирлиги ва Андижон вилояти ҳокимлиги энг паст натижани қайд этди. Бу уларнинг коррупцияга қарши курашиш тизимини йўлга қўйиш бўйича ишларни етарли даражада амалга оширмаганидан далолатдир.

Давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти очиқлигини таъминлашдаги самарадорлик ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, мақсадли индикаторлар асосида баҳоланган “Очиқлик индекси” шакллантирилди.

Очиқлик индексини баҳолашда 86 вазирлик, идора ва муассасанинг очиқлик фаолияти баҳоланди. Унга кўра, 15 давлат органининг очиқликни таъминлаш фаолияти “яшил”, 44 ташкилот “сариқ”, 27 ташкилот “қизил” тоифаларга ажратилди.

Маҳаллий ҳокимликлардан Самарқанд, Сирдарё ва Андижон вилоятлари ҳокимликлари, вазирлик ва идоралардан Кинематография агентлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги, Ташқи ишлар ва Қишлоқ хўжалиги вазирликлари паст кўрсаткич қайд этиб “қизил” тоифада баҳоланди.

Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан очиқ маълумотлар сифатида жойлаштирилиши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни белгиланган ресурсларда эълон қилиниши мониторинг қилинди.

Мониторинг давомида 93 ташкилотнинг очиқлик фаолияти ўрганилиб, шундан 11 ташкилотда очиқликни таъминлаш соҳасида йўл қўйилган камчиликлар аниқланди ҳамда уларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар киритилди.

Давлат ташкилотлари фаолиятида коррупциявий хавф-хатарлар аниқланиб, баҳолашдан ўтказилди. Натижада электрон платформада коррупцияга мойил бўлган муносабатлар электрон реестри шакллантирилди ва кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазаларини олиш имконияти яратилди.

Коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш учун 62 давлат ташкилотининг рўйхати шакллантирилди. Шундан 39 вазирлик ва идора учун хариталар шакллантирилди. 23 вазирлик ва идоранинг фаолиятида коррупциявий хавф-хатарларни баҳолашдан ўтказиш учун “E-anticor.uz” тизимига маълумотлар киритилмагани сабабли ушбу ташкилотларга хатлар юборилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида коррупцияга қарши курашиш бўйича халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрни яхшиланишига эришилди.

2022 йил якунлари бўйича “Transparency International” эълон қилган рейтингда Ўзбекистон 140-ўриндан 126-ўринга (+14 поғона), “TRACE bribery Matrix” индексида – 147-ўриндан 131-ўринга (+16 поғона), “World Justice Project” ташкилотининг “Ҳуқуқ устуворлиги” индексида – 85-ўриндан 78-ўринга (+7 поғона), “Open data inventory” рейтингида – 45-ўриндан 30-ўринга (+10 поғона) кўтарилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА мухбири