Иброҳим Юсупов таваллудининг 89 йиллигига
Ибройим оға ижоди қандай бўлса, ўзи ҳам ўша маънавий қиёфада ҳаёт кечирган шоир. Қай бир асарга қўл урмасин, уни фидойи сидқидилдан ишларди ва узукка кўз қўяётган заргардек, ҳар бир сўзни ўрнига тушмагунича эълон қилмасди. Ибройим оғанинг шоирлик маҳорат мактаби ўтган аср қорақалпоқ адабиётининг гуллаб-яшнашига асос солди. У ўзи кўйлаган бўзтўрғай каби баъдиий сўзни, осмоннинг баланд чўққисига олиб чиқди. Шунинг учун ҳам, уни халқ ХХ аср Бердахи деб айтади.
Ибройим оғанинг ижодига лойиқ дўстлари қўп эди: Расул Ҳамзатов, Михаил Луконин, Чингиз Айтматов, Зульфия опа, Қайсин Қўлиев, Давид Кугультинов, Мустай Карим, Сибхат Хаким, Суюнбой Эралиев, Римма Казакова… тиза берсак, гапни буюк исмлар билан тўлдириш мумкин. Мен уларнинг кўпчилиги билан шахсий, ижодий ва оилавий муносабатларининг гувоҳиман.
Ўтган асрнинг 50-йиллари озғин, ориқ, лекин новча ёш Ибройимни кўрган синчков рус шоири Михаил Луконин: «Саҳрода бир халқ кўрдим, қовурғасининг орасидан юраги кўриниб турибди. Улар – қорақалпоқлар…», деган экан. Ҳақиқатан, Ибройим оғада халқига тан барча хусуссиятлар барқ уриб турарди. Шоирнинг маънавий дунёсида Ўзбекистон ҳамиша, етакчи мавзулардан бири бўлган. Айниқса, Тошкентда «Менинг йигит вақтим, сенинг қиз вақтинг…» қўшиғини кўпчилик дўстларимиз ёд билади.
«Товусдек таранган ўзбек қизлари…
Ҳинд қўлига тўшган асранди филдек,
Секин орқасидан эргаша бердим…»
Бўлғуси янгамиз Бийбизода қорақалпоқнинг атоқли оқсоқолларидан бирининг танти қизи бўлиб, Тошкент давлат университетида ўқирди. Ибройим оға эса – Нукусда. Муҳаббат масофа билмайди деганларидек, ёш шоир севгилиси йўлида Тошкент кўчаларини тўзғитти, тўздирди… Натижаси ажойиб шеър, мустаҳкам оила пайдо бўлди…
Ибройим оғанинг шоирона ўхшатишларидан яна оқсоқолимиз Жўлмирза Оймурзаевнинг таърифида берилган. Жўлмирза оғанинг ҳам тошкентлик дўстлари кўп бўлган экан, шаҳарга тушиши билан улар талашиб, оқсоқолни уйларига олиб кетишаркан. Ибройим оғанинг айтгани: «Жўлмирза оға Тошкентга келса, гулга тушган олмадек, топа олмайсиз…»
«Какова полет моего степного орла?” – деб сўраганди Расул Ҳамзатов мендан бир кўришганимизда Ибройим оғани сўроқлаб. Расул оға дўстини «Дала қарчиғойи» деб атарди. Чингиз оғанинг шоирона қалбидан чиққан илиқ саломларини оғамга оқизмай-томизмай талай етказганман. Улар бир-бирлари билан оилавий дўст эди. Қайсин Қўлиев билан Мустай Каримнинг Ибройим оға билан суҳбатларида қанчадан қанча тонглар отган.
1983 йил куз. Ёзувчиларнинг «Переделкино» ижод уйида эрталаб, қирғиз халқ шоири Суюнбой Эралиев ҳар куни эрталаб, хотини билан бирга югурарди. Бир куни йўлда мени қўриб, тўхтади. У ҳам Ибройим оғани сўради ва ҳазил аралаш: «Ошы Ибрайым хотинига етиб югура оладими? деб қолди. «Вой оғай, Ибройим оға чопганида орқасидан янга тугул, марафончи қизлар ҳам ета олмайди» дедим, мен ҳам ҳазиллашиб. Уларнинг қадрдонлиги, бир-бирига ҳурмати чексиз эди.
Олатоғдан оқ қалпоғинг кўринса,
Қоратоғдан қора қалпоқ билғайман…
деганди Ибройим оға қирғиз дўстларига.
Олисдаги асқар тоғлар,
Бир-бирини қўрмак бўлар,
Шунинг учун баланд улар,
Кўнгил кўнгилдан сув ичар…
Шоирнинг издош-сафдошлари Улмамбет Хўжаназаров, Тўлепберген Матмуродов, Кенгесбай Раҳмонов Ибройим оғанинг муборак ишларини давом эттирди. Адабиётимизнинг кенжатой авлоди эса, Президентимиз очиб берган Ибройим Юсупов маҳорат мактабида таҳсил олмоқда…
Ибройим оғанинг халқига садоқати, Ватанга муҳаббати, эзгулик карвонига бошчилиги ҳаммамиз учун тенги-тойисиз дарслик. Авлодлар дарслиги, буюк шоирнинг жони қурбон дарслиги.
Ўрозбой Абдурахмонов
Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси.