Нукус шаҳрида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика кенгаши ташаббуси билан “Бизнинг сафимизда бўл!” шиори остида ёшлар форуми ўтказилди.
Форумни Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси раҳбари Халилла Ешимбетов кириш сўзи билан очди.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг асосий мақсади давлат ҳокимиятининг вакиллик органларида давлат ва жамият томонидан манзилли ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд аҳоли қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Давлатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини эгаллашига кўмаклашиш бўйича бир қанча ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари, Конституциямиз ҳамда давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари асосида ёшларга берилаётган имкониятлар, яратилаётган шароитлар алоҳида таъкидланди. Конституциямизда давлатимиз ёшларнинг маънавий, интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ахлоқий жиҳатдан шаклланиши ҳамда ривожланиши учун, уларнинг таълим олишга, соғлиғини сақлашга, уй-жойга, ишга жойлашишга, бандлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун шарт-шароитлар яратилиши белгиланган.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 31 августдаги “Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлик, инновацион технологиялар ва инфратузилмаларни жадал суръатларда ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Қорақалпоғистон Республикасида доимий яшайдиган ҳамда умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим ташкилотларини тамомлаган ёшлар учун давлат гранти асосида қўшимча 3 минг квота, шунингдек, тўлов-шартнома асосида қўшимча 6 минг 500 квота ажратилди. “Ёшлар дафтари”га киритилганларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун микрокредитлар ва субсидиялар ажратиш каби имкониятлардан ёшлар унумли фойдаланиб келмоқда.
Ёшлар форуми доирасида ёшлар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ва спорт мусобақалари ташкил этилди. Шунингдек, партия сафига янгидан қабул қилинган ёшларга партия гувоҳномалари ва эсдалик совғалари тантанали топширилди.
Иштирокчиларга Нукус маданият бўлими санъаткорлари ва Нукус ихтисослаштирилган маданият мактабининг иқтидорли ёшлари томонидан концерт дастури намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА