“Dori-Darmon” акциядорлик компанияси матбуот хизмати томонидан “Қарақалпақ дәри-дәрмақ” масъулияти чекланган жамиятига оммавий ахборот воситалари вакиллари учун пресс-тур ташкил этилди.
Бугунги кунда “Қарақалпақ дәри-дәрмақ” масъулияти чекланган жамиятида 19 нафар олий маълумотли фармацевт, 67 нафар ўрта махсус маълумотли фармацевт ассистент ҳамда 43 нафар бошқа мутахассисликка эга ходим ишлайди.
“Қарақалпақ дәри-дәрмақ” масъулияти чекланган жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли барча даволаш-профилактика муассасаларини ҳамда амбулатор шароитда даволанаётган беморларни дори воситалари билан узлуксиз таъминлаб келмоқда. Жамият томонидан республиканинг барча шаҳар ва туман тиббиёт бирлашмаларида 83 та ижтимоий дорихона ташкил этилган. Жамиятнинг 2023 йил 6 ойи давомида товар айланмаси жами 6 миллиард 109 миллион 188,7 минг сўмни, жумладан, улгуржи савдо 2 миллиард 878 миллион 922,4 минг сўмни, чакана савдо 3 миллиард 230 миллион 266,3 минг сўмни ташкил этади. Жорий йилнинг 6 ойи давомида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналардан 1,7 миллиард сўмга дори воситаси сотиб олинди.
Фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи савдоси билан шуғулланувчи маҳаллий корхоналар GDP – Зарур дистрибьюторлик амалиёти талабларига жавоб бериши лозим. Жамият “Зарур амалиётлар маркази” давлат унитар корхонаси томонидан 2023 йил апрель ойида Ўзбекистон Республикаси давлат стандарти “Oz Dst 2764:2018 “Яхши дистрибьюторлик амалиёти – GDP” давлат стандарти талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификат олди. Жамият омборхонаси GDP стандарти бўйича фаолият юритмоқда, бунинг учун жамиятда барча шарт-шароит яратилган.
“Қарақалпақ дәри-дәрмақ” масъулияти чекланган жамияти томонидан 4 та махсус жиҳозланган “Кўчма дорихона”лар ташкил этилган бўлиб, булар орқали Қорақалпоғистон Республикасининг олис, чекка ҳудудларида яшаётган аҳолига зарур дори воситалари арзон нархларда сифатли етказиб берилмоқда. Бугунги кунда ушбу “Кўчма дорихоналар” белгиланган тартибда шаҳар ва туман ҳокимлари томонидан тасдиқланган жадвал асосида республиканинг барча ҳудудларига, жумладан, олис Мўйноқ туманининг “Шеге”, “Шағирли”, “Порлитау”, “Уш сай”, “Ҳаким ота” овул фуқаролар йиғинларига, Чимбой, Тахтакўпир, Қўнғирот, Беруний, Амударё, Тўрткўл туманларига ҳамда Нукус шаҳрининг чекка ҳудудлари бўлган “Бес тобе” ва “Қос кол” маҳалла фуқаролар йиғинларига бориб, аҳолига хизмат қилмоқда.
Пресс-тур иштирокчилари масъулияти чекланган жамиятда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишди ва ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев(сурат-видео),
ЎзА мухбирлари.