Бугун, 26 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни.

Дунёда кечаётган мураккаб ва таҳликали вазиятда Ўзбекистон Республикасини ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилишда, халқаро муносабатларда миллий манфаатларимизни таъминлашда Давлат хавфсизлик хизматининг муносиб ҳиссаси бор.

Мазкур хизмат Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган ҳисобланади.

Буни амалда таъминлаш учун Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари зарур куч ва воситалар билан таъминланган. Муҳими, соҳанинг тубдан ислоҳ қилингани натижасида мазкур хизматда Ватан ҳимоясига ишончли қалқон бўлишга қодир ходимлар хизмат олиб бормоқда.

Бугун ана шундай фидойиларнинг касб байрами!

2021 йил 14 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун билан 26 сентябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни, этиб белгиланди.

Бу кун қандай тарихга эга? 1991 йил 26 сентябрдаги ПФ–265-сонли фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик бошқармаси тузилган.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида экстремизм тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни фаоллаштириш зарурлигига тўхталди.

Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича Миллий стратегиямиз доирасида илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Беш марта “Меҳр” инсонпарварлик миссияси ўтказилди. Унинг доирасида 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болалар қуролли низолар ҳудудларидан юртимизга қайтарилди.

Айнан ушбу жараёнда, шу билан бирга, жамият муҳитини соғломлаштириш, диний низоларга йўл қўймаслик, терроризм ва экстремизмнинг олдини олиш, гиёҳванд моддалар ноқонуний муомаласига қарши курашиш, коррупция билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйиш бўйича ДХХ ходимлари кенг кўламли амалий ишларни рўёбга чиқармоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг барча саъй-ҳаракатлари халқимиз осойишталигини сақлаш, тинчликка таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай ҳолатларга қарши туришга қаратилган.

Норгул Абдураимова, ЎзА