Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатлари ривожланиб бормоқда.

2022 йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида давлат раҳбарлари “Хитой ва Ўзбекистоннинг “Ипак йўлининг электрон тижорати” бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма баёноти”ни амалга ошириш мақсадида икки давлат ўртасида савдо ва инновацион ҳамкорлик йўлга қўйилган эди.

Ўзбекистондаги Хитой тадбиркорлари ассоциацияси Тошкент давлат транспорт университети билан ҳамкорликда юртимизда электрон тижорат ва электрон тўловлар тизимини ривожлантириш мақсадида “Ипак йўлидаги глобаллашув даврида элeктрон тижоратнинг ўрни: ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусида форум ўтказди. Форум доирасида хитойлик мутахассислар томонидан янги ўқув курслари ташкил этилиб, трансчегаравий электрон тижорат бўйича 100 нафар талабани бепул ўқитиш дастури ишлаб чиқилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги, Товар-хомашё биржаси, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистондаги Хитой тадбиркорлари уюшмаси, “Ўзбекистон почтаси” АЖ ҳамда Хитойнинг бошқа компаниялари иштирок этди.

Электрон тижорат соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш жараёнининг даражаси ва сифати тубдан яхшиланган ўқув курслари электрон тижоратнинг ривожида муҳим роль ўйновчи почта ва логистика инфратузилмасини модернизациялаш, техник янгилаш ҳамда трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини қулай ва ўз вақтида жаҳон бозорига экспорт қилишни таъминлаш эътиборга олинган.

Нилуфар Бозорова, Мурод Хонхўжаев (сурат), ЎзА