Педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланмоқда.
Бу “Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонунда ўз ифодасини топган. Шунингдек, шу асосда педагогларнинг ўз касбий фаолиятини юритиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратилади. Уларнинг ижтимоий ҳимояси таъминланади ва мамлакатимизда педагогнинг мақоми тан олинади.
Сенатнинг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси мажлисида шу ҳақда сўз юритилди.
Тадбирда Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида муҳокама қилиниши режалаштирилаётган шу каби қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
“Педагогнинг мақоми тўғрисида”ги қонун сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари эътибор марказида бўлди.
Ушбу қонун ўқитувчи ва муаллимларнинг жамиятдаги нуфузи ва мавқеини ошириш бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Муҳокама жараёнида қонун нормалари билан бирга педагоглар мақомини ошириш, уларнинг моддий таъминоти даражасини ўстириш юзасидан қилинган ишлар айтиб ўтилди.
Жумладан, сўнгги йилларда педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдорлари бир неча марта оширилди. Алоҳида устама ҳақ жорий этилди. Таълим стандартлари талабларига мувофиқ педагогларнинг иш юкламалари мақбуллаштирилди.
Айтиш жоизки, бугунги кунда республикамиздаги таълим соҳасида фидокорона меҳнат қилаётганларнинг 74 фоизи аёллардир.
Муҳокама якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
Н.Абдураимова, ЎзА