Бирдамлик сари яна бир қадам
Шу кунларда Хитойнинг энг нуфузли ахборот агентлиги – “Синьхуа” вакиллари мамлакатимизда бўлиб турибди. Бугун Агентлик масъул котиби Цзинь Жуюэ бошчилигидаги делегация Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ташриф буюрди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари барча соҳаларда жадал ривожланаётгани, айни жараёнда икки давлат ўртасида ишончли ахборот алмашиш муҳимлиги таъкидланди.
– ЎзА халқаро ҳамкорлар билан алоқаларни кенгайтириш йўлидаги ҳар қандай саъй-ҳаракатни қўллаб-қувватлашга тайёр, – деди Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов. – Мамлакатларимиз қадимий тарихи, буюк цивилизацияси билан машҳур. Буюк Ипак йўли халқларимизнинг кўп асрлик дўстона алоқаларидан дарак беради. Жумладан, ЎзА ва “Синьхуа” ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик ҳам тобора ривожланмоқда. Айтиш жоиз, Хитойнинг медиа тажрибаси ривожланаётган давлатлар учун катта мактаб.
Мулоқот чоғида ўтган йил ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи арафасида “Хитой ва Ўзбекистоннинг ажойиб келажагини биргаликда қуриш” сарлавҳали мақоласи ЎзА орқали бутун мамлакатга ва жаҳонга тарқатилгани эътироф этилди. Хитой етакчисининг фикрлари бугунги кун учун жуда долзарб эканига урғу берилди.
Жаноб Цзинь Жуюэ ўзаро шерикликни замон талаби даражасида ривожлантириш, тезкор алмашиш, ходимлар тажриба ва малакасини тизимли ошириб бориш чораларини кўриш мақсадга мувофиқлигини таъкидлади.
Бугунги глобал ўзгаришлар даврида ахборот маконининг аҳамияти беқиёс. Шу маънода, айниқса, давлатлар раҳбарлари даражасидаги тадбирлар мундарижасига жиддий эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Мулоқот чоғида кўп йиллик анъанага эга ЎзА Хитойнинг нуфузли ахборот агентликлари билан алоқани замонавий тенденцияларга мос тарзда ривожлантириш тарафдори экани яна бир бор тасдиқланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги делегацияси жорий йил май ойида “Синьхуа” ташаббуси билан ташкил этган “Хитой – Марказий Осиё” ахборот агентликлари форумида иштирок этган эди.
Беҳруз Худойбердиев,
Даврон Эрназаров (сурат),
ЎзА