Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази директори Венгрия фармбозорида нуфузли ўринда турувчи «EGIS» компанияси ижрочи директори бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда компания маҳсулотларини юртимизда қайта рўйхатдан ўтказиш, соҳада ўзаро маълумот алмашиш, жаҳон талабларига жавоб берувчи кадрлар тайёрлаш ва бир қатор йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинди.
«EGIS» фармацевтика компанияси 1963 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар 212 номдаги дори воситаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйган. Унинг фаолияти фармацевтик ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларидан бошлаб, фаол моддалар ва сотиш учун тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришгача бўлган йўналишларни қамраб олади.
Марказ директори мулоқот давомида дори воситаларини қайта рўйхатдан ўтказишнинг амалдаги тартиби, дори воситалари қандай ҳолларда соддалаштирилган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши бўйича меҳмонларга тушунтириш бериб, уларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Учрашув якунида соҳада тажрибали кадрлар тайёрлаш, фармацевтика маҳсулотларининг сифат назоратига жаҳон стандартларини жорий қилиш, лабораторияларнинг техник имкониятларини кенгайтириш ва янада ривожлантириш бўйича ҳамкорликни назарда тутувчи меморандум имзоланди.
Моҳигул Қосимова, ЎзА