Маълумотларга кўра, дунёда 1 миллиардга яқин инсонда турли шаклдаги ногиронлик бор. Аксарияти ёшлар бўлиб, улар етарлича таълим олиш имконига эга бўлмаслик, саломатликни тиклаш, иш топиш каби масалаларда жиддий муаммоларга дуч келмоқда.

Ўзбекистонда бу борада аҳвол қандай? Ёшлар ишлари агентлиги ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар билан ишлаш бўлими бош мутахассиси З.Атахановнинг маълумотига кўра, айнан шу масалада давлат ногиронлиги бўлган шахслар учун тенг имкониятлар яратишни ўз зиммасига олган.

Ҳукумат кейинги йилларда ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлашда уларни ўзи учун керакли ва қизиқарли иш (касб) билан таъминлаш, таълим олишида ёрдам беришга эътиборни  кучайтирмоқда.

Президентимизнинг бу борада қарори қабул қилиниб, Ёшлар ишлари агентлиги орқали ногиронлиги бўлган ёшларга ўзини ўзи банд қилиш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш, касб-ҳунарга ўқиш учун субсидиялар ажратилмоқда. Бундай ёшларнинг хорижий тилларни ўрганиш ва нодавлат таълим ташкилотларида ўқиш харажатларини қоплаш, уларнинг асбоб-ускуна ва меҳнат қуролларини харид қилишига ёрдамлашилмоқда.

– Субсидия ажратиш тартиби қандай?

– Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 июндаги 341-сонли қарори асосида амалга оширилади. Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ногиронлиги бўлган ёшларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваригача бўлган миқдорда субсидия ажратилади.

Мазкур қарорда белгиланган тартибга кўра, 2022 йил 1 августдан бошлаб субсидия олиш учун аризаларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юбориш бўйича электрон давлат хизматлари ишга туширилди. Маълумотларга кўра, 2023 йил 10 январдан 10 сентябрь кунига қадар порталга жами 1 526 нафар ногиронлиги бўлган ёшлар томонидан ариза юборилган.

Аризаларнинг 511 нафари ўқиш учун харажатларини қоплаш учун, 952 нафари асбоб-ускуна ёки меҳнат қуроллари сотиб олиш учун, 63 нафари яшаш ва транспорт харажатларини қоплаб берилишини сўраб юборилган.

Жорий йилнинг 10 сентябрь кунига қадар ногиронлиги бўлган ёшларга 4 миллиард 895 миллион 370 минг 500 сўм субсидия маблағлари ажратилган.

Хусусан, Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи 2003 йилда туғилган, 2 – гуруҳ ногирони бўлган Мухтор Ортиқов тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун субсидия асосида 15 миллион сўмлик асбоб-ускуналар ажратилиб, ўз маҳалласида ғишт ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган. У бир кунда ўртача 350 минг сўм, бир ойда ўртача 10 млн. сўм даромад қилмоқда. Бундан ташқари 4 нафар тенгдошини мавсумий иш билан таъминлаган.

– Демак, бу йўналишда янгича тизим ишламоқда. Унда яна нималар назарда тутилган?  

– Биринчидан, давлат ногиронлиги бўлган ёшларга нодавлат таълим ташкилотларида касб-ҳунар ўргатиш, уларда касбий кўникмаларни шакллантириш, ахборот технологиялари, компьютерда дастурлаш амалиёти, умумтаълим фанлари ва хорижий тилларни ўргатиш, зарур ҳолларда яшаш ва транспорт харажатларини қоплаш орқали уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга ёрдам беради.

Иккинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим муассасаларида инклюзив таълимини ривожлантириш, уларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириб боришга ёрдам беради.

Учинчидан, ногиронлиги бўлган ёшларга асбоб-ускуналар ва меҳнат қуроллари олиб бериш орқали бандлигини таъминлашда, даромадли фаолият юритишларида кўмак беради.

Тўртинчидан, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг самарали фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда 2021 йилдан бошлаб йўлга қўйилган янгича механизм ногиронлиги бўлган ёшлар учун ўз қобилиятларини рўёбга чиқариш, даромадга эга бўлиш учун шароит яратмоқда.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА