Ўзбекистон павильони кино бозоридаги ҳамкорлик учун муҳим майдондир

Канн халқаро кинофестивали доирасида Ўзбекистон миллий павильонининг ташкил этилгани халқаро киноиндустрияни ривожлантириш, жаҳон кино бозорига чиқиш, хорижлик киноижодкорлар билан ҳамкорликни йўлга қўйишда муҳим майдон вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон миллий павильонига бирин-кетин кириб келаётган хорижлик мутахассислар ўзларининг фикр-мулоҳазалари билан ҳам ўртоқлашмоқдалар. 


Хусусан, павильоннинг илк меҳмонлари Япониянинг Токио кинокомиссияси вакиллари бўлиб, улар Ўзбекистоннинг бой локацияси, табиати, тарихий обидалари ва кино суратга олиш учун мавжуд шарт-шароитлари билан яқиндан танишишди.

– Ўзбекистон павильонида биз махсус каталог ва журналлар воситасида юртингиз ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлдик. Тўғрисини айтганда, Ўзбекистонда фильмларни суратга олиш учун бундай катта имкониятлар бор эканидан бехабар эдик. Ҳар қандай киноижодкор учун бундай қулай шароитда ишлаш ўта муҳим. Ўйлаймизки, ўзбек кинокомиссияси билан бугунги танишувимиз самарали ҳамкорлик сари қадамдир, – дейди Мотоко Матсумото (Токио фильм комиссияси менежери).

Қайд этиш керакки, Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасида кино соҳасида кўплаб ҳамкорликлар амалга оширилган. Жумладан, ўзбек ва япон киноижодкорларининг “Ойижон” фильми, 2003 йилда япониялик киночиларнинг Тошкент ва Жиззах вилоятларида суратга олинган “Аждаҳо боши” картиналари фикримизга далил бўла олади.
Миллий павильоннинг навбатдаги меҳмони франциялик продюсер ва дистрибьютер Мишель М.Поирьер бўлди: “Ўзбекистон миллий павильони биринчи марта ташкил этилибди. Байроғингизни кўриб хурсанд бўлиб кетдим. Мен Ўзбекистонда аввал бўлганман. Шу сабабдан ҳам атайин сизлар билан танишиш, очиқ юзли ўзбек халқини кўриш учун кирдим. Павильондан жуда кўп маълумотлар олдим. Билдимки, ўзбек киноси янги бир босқичга кўтарилаётган экан. Продюсер сифатида келажакда Ўзбекистон ҳудудида француз фильмини ёки қўшма лойиҳа асосида француз-ўзбек киносини суратга олиш нияти туғилди”.
Суат Кочер – Малатя кинофестивали директори (Туркия):
– Ўзбекистонлик қардошларимни миллий павильон ташкил этганлари билан табриклайман. Туркия саккиз йилдан бери Канн халқаро кинофестивалида ўзининг миллий павильони билан иштирок этади. Бу йил эса ўзбекистонлик ҳамкасбларимни кўриб турганимдан жуда хурсандман. Рости ўзимни Ўзбекистон павильонида эмас, балки ўз юртим павильонида тургандек ҳис этяпман. Менга павильон вакиллари “PROlogue” кинофестивали ҳақида батафсил ахборот беришди. Бу фестивалда шахсан иштирок этиш, сизлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш, Туркияда ташкил этиладиган Малатя халқаро кинофестивали билан “PROlogue” ўртасида яқин алоқаларни ўрнатишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Бундан аввал юртингиз павильони халқаро кинофестивалларда ташкил этилмагани боис юзма-юз кўришиш, яқиндан ҳамкорлик қилиш учун музокаралар олиб бориш имконияти бўлмаган эди. Бироқ ҳозир ҳам кеч эмас. Ҳамкорлик сари биргаликда ҳаракат қиламиз.

 

Маҳфуза Ортиқова, ЎзА