Мамлакатимиз ташқи савдо айланмасининг шаклланишида муҳим ўрин тутувчи ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш, товарлар экспорти ва импортини амалга оширишда уларга амалий кўмак бериш, хусусан, божхона расмийлаштирувининг соддалаштирилган шаклида тақдим этилаётган имтиёз ва қулайликлар ҳақида таништириш мақсадида божхона органлари томонидан жойларда учрашувлар ва ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

Божхона қўмитасининг Марказий божхона лабораторияси масъул ходимлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида ҳудудда фаолият юритувчи экспортёр ва импортёрлар иштирокида ташкил этилган учрашувда “Товарларни ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича таснифлаш юзасидан дастлабки қарорни қабул қилиш тартиби”га оид кўрсатмалар ҳақида фикр юритилди.

Шунингдек, божхона органлари томонидан тақдим этилиши йўлга қўйилган товар коди бўйича дастлабки қарор ва унинг афзалликлари ҳақида тушунча берилди. Эндиликда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари божхона органларининг расмий веб-сайти ёки “Божхона органлари ягона дарча хизматлари” орқали мурожаат этиб, товарларнинг ТИФТН коди бўйича дастлабки қарорни масофадан туриб олиш имкони яратилганлиги ва бу имкониятдан барча турдаги тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкинлиги қайд этилди.

Шундан кейин Марказий божхона лабораторияси масъул вакиллари томонидан бошқарма шахсий таркиби билан товарларнинг ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатураси бўйича кодини белгилашга бағишланган ўқув-семинар бўлиб ўтди. Унда товарлар ТИФТН кодини белгилашда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар танқидий кўриб чиқилиб, ҳар бир товар хусусиятлари асосида кодини белгилаш нюанслари ҳақида алоҳида тушунтирилди.

Бу каби учрашув ва ўқув-семинарлар ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларига яқиндан кўмак бўлиш билан бирга, давлатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлашга ва божхона ходимлари билим савиясининг мунтазам оширилишига хизмат қилади.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.