Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Самарқандда бўлиб ўтаётган халқаро конференциянинг ялпи мажлисида сўзга чиққан қўшни, қардош республикалар делегациялари раҳбарлари ўз мамлакатлари мисолида бутун минтақамиз келажагини, халқларимиз фаровонлиги таъминлаш учун келгусида эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим жиҳатларга тўхталиб ўтишди.

Аскарбек Джаныбеков: Кыргызстан будет обеспечивать себя не тремя, а семью продуктами | ИНФОМИР

Асқарбек Жонибеков, Қирғизистон қишлоқ, сув хўжалиги ва минтақавий ривожланиш вазири:

– Жаҳон банки статистикасига кўра, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш долзарблиги тобора ортмоқда. Маълумки, агросаноат соҳасида сертификация ва мувофиқлаштириш энг муҳим унсурлардан ҳисобланади. Масалан, Қирғизистонда иш билан машғул кишиларнинг 23 фоизи саноатда банд. Шунинг 15 фоизи агросаноат мажмуасига тўғри келади. Умуман, мамлакат аҳолисининг 65 фоизи қишлоқда истиқомат қилади. Ишлов бериладиган ерлар 50 фоизни ташкил этади.

Қирғизистон ҳукумати мутасаддилар олдига 2025 йилгача қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга мўлжалланган ерларнинг 50 фоизини фойдали майдонларга айлантириш вазифасини қўйган.

Бу борада кейинги йилларда сезиларли ишлар амалга оширилди, албатта. Масалан, охирги икки йилда мамлакатимиз аҳолисини буғдой билан таъминлаш 50 фоиздан 70 фоизга, шакар етказиш 40 фоиздан 50 фоизга кўтарилди. Бинобарин, бу кўрсаткич мавжуд имкониятга нисбатан етарли эмас, импортни камайтиришимиз керак.

Истиқболда биз гўшт сут, дон маҳсулотлари бўйича йирик экспортёр давлатга айланишни мақсад қилганмиз.

Қурбон Ҳакимзода, Тожикистон қишлоқ хўжалиги вазири:

– Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш БМТ Барқарор ривожланиш мақсадига ҳамоҳанг. Қолаверса, коронавирус пандемияси ҳам ушбу масалага эътиборни, хусусан аҳолининг камбағаллашуви даражаси ортишига қарши курашни кучайтириш лозимлигини кўрсатди.

Тожикистоннинг 2030 йилгача мўлжалланган стратегиясида айни жиҳатлар қатъий эътиборга олинган. Бизга барқарор ривожланиш бўйича интеграциялашув жуда зарур. Аҳоли, инсон капитали ўсиб бориши, сувдан самарали фойдаланиш муаммоси, мавжуд ер майдонининг 70 фоизи ҳосилдорлигини таъминлаш сувга боғлиқ. Демак, сув ресурслари хавфсизлиги масаласи ечимини глобал тарзда кўриб чиқиш вақти келган. Бу нафақат Тожикистон, балки бутун минтақа учун долзарб.

Айни пайт ҳукуматимиз 20 мингдан зиёд фермер хўжалиги билан сувдан оқилона фойдаланиш бўйича иш олиб боряпти.  Бор имконият, саъй-ҳаракат шунга йўналтирган.

Ғайрат Хонназаров, Ғолиб Ҳасанов ёзиб олди.

Носиржон Ҳайдаров, Алишер Исроилов (сурат),

ЎзА