7-8 сентябрь кунлари Самарқанд мезбонлигида ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги ташкилоти – ФАОнинг навбатдаги йирик халқаро конференцияси олдидан тадбир учун асосий масъул ташкилот – Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбари Азиз Воитов маҳаллий ва хорижий ОАВ вакиллари иштирокидаги брифингда мазкур анжуманнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Айни пайтгача Самарқандда бўлиб ўтадиган нуфузли анжуманда 31 давлатдан 2 ярим мингга яқин делегат иштироки тасдиқланган. Албатта, ҳозиргача меҳмонларимизнинг аксарияти кўҳна шаҳримизга етиб келган. Шу ўринда юртимизда бўлиб ўтаётган мазкур конференцияга қизиқиш бу қадар юқори эканлигининг сабаби нимада, деган савол туғилиши табиий.
Бу саволга бир неча омилларни келтириш орқали жавоб бериш мумкин. Биринчи навбатда танланган мавзу жуда долзарб – озиқ-овқат хавфсизлиги. Бу муаммо бугунги кунда, ишонч билан, аниқроғи афсусланиб айтиш мумкинки, ер юзининг барча қитъалари, барча мамлакатларини жиддий ташвишга солмоқда. Зеро, кейинги йилларда сайёрамизда юзага келган ташвишли сиёсий вазият, иқлим билан боғлиқ салбий ўзгаришлар, сув ресурсларидан фойдаланишдаги муаммолар, ер шўрланиши, қурғоқчилик каби қатор омиллар туфайли айнан озиқ-овқат хавфсизлиги инсоният, жаҳон ҳамжамияти олдидаги глобал масала сифатида намоён бўлмоқда.
Иккинчидан, Ўзбекистон Президенти Она заминимиз ҳаёти, инсонларнинг кун кечириши, турмуш шароити билан бевосита боғлиқ бўлган ушбу масалаларни доимий равишда БМТ даражасидаги нуфузли минбарларда қайта-қайта, мунтазам равишда кўтариб келмоқда. Нафақат кўтаряпти, балки ушбу муаммолар ечими бўйича кўплаб таклиф, ташаббуслар билдирмоқда. Табиийки, бундай саъй-ҳаракатлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътиборсиз қолдирилмайди.
Қолаверса. мамлакатимиз кейинги йилларда нуфузли халқаро анжуманларни ўтказиш бўйича улкан тажриба тўплади. Шу боис ҳам энг обрўли халқаро тузилмалар йирик тадбирлар ташкил этишни Ўзбекистонга ишониб топширмоқда. Умуман, бундай омилларни кўплаб келтириш мумкин.
Демак, бу галги конференциядан кўзланган мақсад мана шундай глобал муаммо бўйича фикр, тажриба алмашиш, таклиф, ташаббусларни ўртага ташлаб, таҳлил қилиш, фойдали ечимлар топиш.
Ғайрат Хонназаров,
Носиржон Ҳайдаров, ЎзА