Маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали

“Ўзэкспомарказ”да маданий анъаналар ва миллий таомлар фестивали бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда аккредитациядан ўтган ўттиздан зиёд дипломатик корпус ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.

DSC_6433.JPG

Фестиваль доирасида мамлакатимиз тарихи, халқимизнинг урф-одатлари ҳақида маълумот берадиган миллий ҳунармандлик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Турли халқларнинг ранг-баранг қадриятлари, миллий либос ва амалий санъат намуналари намойиш этилди.

– Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ҳар йили анъанавий тарзда ташкил этиладиган ушбу фестиваль дунё халқларининг миллий қадриятлари билан яқиндан танишиш имконини бермоқда, – дейди Ҳиндистон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Винод Кумар.

Тадбирда турли халқларнинг миллий таомлари тортилди. Дилтортар куй-қўшиқлар, жозибадор рақслар барчага бирдек манзур бўлди.

ЎзА