Президент Шавкат Мирзиёев раислигида янги ўқув йили арафасида мактаб таълимидаги масалаларни муҳокама қилиш ва устувор вазифаларни белгилаб олиш юзасидан видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Бу йил 387 минг нафар ўқувчи мактабни тамомлаб, 138 мингтаси олийгоҳларга ўқишга кирган, яна 54 мингтаси профессионал таълим билан қамраб олинади.

Қолган 195 минг нафар ёшлар қаерга бориши, улар эртага иш топа олмаса, ким бўлиши ҳақидаги саволларга на вилоят ва туман ҳокимлари, на соҳа мутасаддиларида жавоб йўқлиги таъкидланди.

Оқдарёдаги 32-мактабда тадбиркорлар билан ҳамкорликда ўқувчиларни касбга ўқитиш тажрибаси йўлга қўйилган. Ушбу мактабда ўқувчилар 7-синфдан бошлаб маҳалла ва туманда талаб юқори бўлган ветеринар, агроном, мева-сабзавот қуритиш, ипакчи, мебелчи, автомобиль устаси каби 15 та касб-ҳунарга ўргатилмоқда, уларга 2 та чет тили ўқитилмоқда.

Энг муҳими, бу ишлар маҳаллий бюджет ва тадбиркорлар ҳисобидан ташкил қилинган бўлиб, ўқувчилар бу ерда иш ҳақи олмоқда.

Барча вилоятлар мактаб таълими бошқармалари раҳбарлари Оқдарёга бориб, бир ҳафта давомида ушбу тажрибани ўрганиши шартлиги таъкидланди.

Самарқанд вилояти ҳокимига кейинги ўқув йилига қадар вилоятдаги ҳар бир туманда 10 тадан мактабда бу тизимни жорий қилиш, қолган вилоят ҳокимларига йил якунигача ҳар бир туманда камида иккитадан мактабда ушбу тажрибани йўлга қўйиш топширилди.

ЎзА