Жорий йилнинг 16 августида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ, жорий йил 1 сентябрдан сейсмик фаол зонада жойлашган сейсмик хавфсизлиги III-IV тоифага кирувчи кўп квартирали уйлардаги умумий фойдаланиладиган жойларда (зинапоя йўлаклари, чердак ва умумий фойдаланишдаги ошхоналарда) ўзбошимчалик билан қурилган конструкциялар текширилади.

Шунингдек, кўп квартирали уйларнинг, шу жумладан, уларнинг ертўла ва биринчи қаватидаги зилзилабардошликка таъсир қилувчи конструкцияларга ўзбошимчалик билан киритилган ўзгартиришлар аниқланади. Аниқланган ноқонуний ҳолатлар бўйича қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилади.

Сейсмик хавфсизлиги II–IV тоифадаги қурилаётган ёки мавжуд объектларнинг конструкциясини ўзгартириш (қаватлар сонини ўзгартириш, ёнма-ён қуриш, устига қават қуриш) бўйича қурилиш ишларини бошлашга фақат лойиҳанинг ўзгартирилган шаҳарсозлик ҳужжатлари қайта экспертизадан ўтказилиб, ижобий хулоса олингандан сўнг рухсат этилади.

Маълумот учун, 2023 йил 1 июндан сейсмик хавфсизлиги IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш Лойиҳа-қидирув ташкилотлари электрон рейтингида “С” ва ундан юқори тоифага эга ташкилотлар томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга, сейсмик хавфсизлиги III–IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича қурилиш ишлари Қурилиш-пудрат ташкилотлари электрон рейтингида “ССС” ва ундан юқори тоифага (шу жумладан “А” ва “Б” турдаги барча тоифаларга) эга бўлган қурилиш-пудрат ташкилотлари томонидан бажарилади.

Қолаверса, 2023 йил 1 октябрдан сейсмик хавфсизлиги II–IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва назорат функцияларини амалга ошириш йўналишларидаги фаолият юритувчи мутахассисларни сертификатлаш тартиби жорий этилади.

2024 йил 1 январдан объектларда давлат назорати, буюртмачининг техник назорати, ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати ва пудратчининг ички назорати тадбирларини тегишли йўналишлар бўйича махсус билим ва сертификатга эга мутахассислар томонидан амалга ошириш амалиёти йўлга қўйилади.

Қарорга кўра, қуйидагиларни “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимига киритиб бориш мажбурий ҳисобланади ва маълумотларнинг жамоатчилик учун очиқлиги таъминланади. Хусусан, қурилиш объектлари устидан давлат назорати, буюртмачининг техник назорати, ишлаб чиқувчининг муаллифлик назорати, пудратчининг ички назорати тадбирлари, уларда аниқланган камчиликлар ва нуқсонлар, уларни бартараф этиш тўғрисидаги маълумотлар очиқлиги таъминланади.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА