Ўзбекистон Республикаси Президенти “Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофотини таъсис этишни қўллаб-қувватлаш тўғрисида” қарор қабул қилди.

Жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Берунийнинг илмий-маърифий меросини халқаро даражада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб қилиш, сунъий идрок соҳасида одоб-ахлоқ, инклюзивлик ва маданий хилма-хилликни рағбатлантириш, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги илмий-маданий алоқаларни янада кенгайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 августдаги «Буюк мутафаккир ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида»ги ПҚ-361-сон қарорига мувофиқ, Абу Райҳон Беруний номидаги ЮНЕСКО – Ўзбекистон халқаро мукофоти таъсис этилади.

Президент қарори билан Париж шаҳридаги (Франция) ЮНЕСКО бош қароргоҳида 2023 йил 4-8 сентябрь кунлари Абу Райҳон Беруний ҳаёти ва ижодига бағишланган халқаро кўргазма ва тадбирларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режаси ҳам тасдиқланди.

Кўргазмада тақдим этиш учун дунё кутубхоналарида сақланаётган нодир қўлёзмалар нусхаларидан иборат махсус каталог инглиз ва ўзбек тилларида чоп этилади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон давлат филармониясининг концерт дастури ташкил этилади.

                                                                                 ЎзА