Туризм қўмитаси ташаббуси билан Транспорт вазирлиги ҳамда “Uzbekistan Airports” АЖ билан ҳамкорликда мамлакат туризм салоҳияти кенг тарғиб этиш, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларга авиация соҳасида яратилаётган имкониятлар билан танишиш мақсадида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти ҳамда маҳаллий авиатерминалга инфо – тур ташкил этилди.

Авиация йўналиши туристлар саёҳати таркибидаги асосий элемент ҳисобланади. Шу боисдан инфо – тур иштирокчилари “Uzbekistan Airports”АЖ томонидан йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишди.

“Uzbekistan Airports”АЖ компанияси “Тошкент-3” маҳаллий авиақатновлар терминали майдонида реконструкция ишлари бошлаб юборилган.
Лойиҳага кўра, автотранспорт воситаларининг терминал олдига кириши соддалаштирилади. Аэропортнинг расмий таксилари, сайёҳлик автобуслари ва микроавтобуслар, шунингдек, ҳудудга 5 дақиқагача киришга рухсат берилган барча автомобиллар учун учта алоҳида йўлак ажратилади.

Автомобилларнинг одамларни кутиб олиш ва кузатиш йўлаги халқаро авиақатновлар терминалидаги йўл ўтказгич (эстакада) тамойили асосида ишлайди. Автомобилнинг йўлакда туриш вақти 5 дақиқадан ошиб кетган тақдирда, ўрнатилган ва ЙҲХБ билан интеграциялашган камералар қоидабузарларга автоматик равишда жарималар юборади.

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизга келаётган ва ундан чиқиб кетаётган фуқароларнинг энг катта муаммоси – аэропортдаги кўп сонли текширувлар бўлган. Шу боис Ўзбекистон халқаро аэропортларининг жўнаб кетиш терминалларида икки — “яшил” ва “қизил” йўлакли бошқарув тизимлари бекор қилинди.

Халқаро стандартларга мувофиқ масофавий божхона назорати ўрнатилган ва бу орқали чегарадан ўтиш вақтини 3 баробарга қисқартириш мумкин. Масофавий божхона назорати тизими инспекторларга кузатув камералари орқали жўнаб кетаётган йўловчиларни масофадан туриб кузатиш ва парвоз маълумотларини таҳлил қилиш, қўшимча алоқаларни бартараф этиш ва йўловчилар ҳаракатини чекламаслик имконини беради.

Жорий этилган янгилик нафақат йўловчиларнинг вақтини тежайди, балки қўл юкини текширишни қисқартиради. Бу фақат авиация хавфсизлиги ходимлари томонидан амалга оширилади. Улар олиб чиқиш таъқиқланган ёки нормадан ошиб кетган товарлар, шунингдек, нақд валюта аниқланганда божхона органлари ходимларини назорат учун таклиф қилади.

Умумий майдони 935 квадрат метр бўлган авиация хавфсизлиги учун текшириш зонасида 9 текширув йўлаги тиғиз вақтда 2,4 минг нафаргача йўловчини ўтказиш имконини беради. Жорий этилган янгиликлардан яна бири шуки, эндиликда йўловчилар пойабзалини ечмасдан махсус қурилма орқали текширувдан ўтиши мумкин.

Қўл юки ва катта ўлчамдаги юкларни кўриш учун “Smiths Detection” (Германия) рентген жиҳози ўрнатилган. Кенгайтирилган хавфсизлик чораларини таъминлаш учун “Leidos” (АҚШ) компаниясининг “ProVision” тана сканерлари ҳам ўрнатилган.

Улар орқали йўловчиларни тез ва контактсиз текшириш мумкин. Ёнувчан ва портловчи моддаларни, металл буюмларни аниқлаш имконини берувчи Италия компаниясга тегишли “SEIA” сканерлари орқали суюқлик мавжуд идишларни очмасдан ўтказиш имкони ҳам мавжуд.

Мутахассисларга кўра, олдин бир соат ичида 60 – 70 йўловчи текширувдан ўтказилган. Ҳозирги тизим билан бу кўрсаткич 180 – 200 нафарга етказилган.

Жорий йилдан “Uzbekistan Airports”АЖ компанияси ва Silk Avia ҳамкорлиги натижасида республикадаги айрим ҳудудлар учун янги авиқатновлар йўлга қўйилди. Silk Avia паркига кирувчи ATR72-600 ўрта масофали турбовинтли самолётлар 70 нафаргача йўловчини сиғдира олади.

Silk Avia жорий йил 25 апрель куни Ўзбекистон шаҳарларига мунтазам рейсларни йўлга қўйган ва бугунга қадар 42, 5 минг нафарга яқин йўловчига хизмат кўрсатган.

– Авиачипталарни сотиб олишнинг энг оммабоп усули авиакассалардир, – дейди “Uzbekistan Airports”АЖ ахборот хизмати ходими Дилноза Азимова. – Авиакассаларда авиачипталар сотилишида мижозлар билан самарали тизим йўлга қўйилган. Шунингдек, соҳадаги ислоҳотлар натижасида халқаро хавфсизлик учиш йўлаги тизими ишга туширилган. Парвозлар тўғрисида маълумотлар ўз вақтида тақдим этиб борилади. Алоҳида қайд этишим лозимки, сайёҳлар самолёт бортида тозалик даражаси ва кейтеринг (озиқ-овқат билан таъминлаш) хизматини аъло баҳолаган.

Инфо-тур давомида иштирокчилар етиб келиш ва жўнаб кетиш терминаллари – VIP, CIP, эконом, вертолётлар ва шахсий самолётлар, чиқиш тартиби, бортга чиқиш, транзит зонаси ва капсула меҳмонхонаси, ички рейслар терминали билан танишди.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА