Ўзбекистон ва Миср: қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик йўлида

“Миср бугун” (almasryalyoum) нашри Ўзбекистон – Миср ҳамкорлигини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кўпайтириш мавзусига мурожаат қилган.

Мақола Миср қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири Ал-Қасир ва мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мансурбек Қиличев учрашуви тафсилотига бағишланган.

Муаллиф мулоқот чоғида жорий йил февраль ойида Ўзбекистон ва Миср етакчилари эришган келишувлар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилгани, қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшма ҳамкорлик йўллари муҳокама қилинганини қайд этган.

Томонлар чўлланишга қарши курашда технологияларни қўллаш, қишлоқ хўжалиги, айниқса, уруғчилик соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатни кучайтириш истагини билдиргани урғуланган.

Учрашувда Миср вазири ўзбекистонлик ҳамкасбидан шу йил 7-8 сентябрь кунлари ўтказилиши кутилаётган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро форумга таклиф олганини эслатиб, анжуманда Мисрнинг иштироки муҳим эканини билдирган.

Ўз навбатида, элчимиз юртимиз аграр сектори тараққиёти учун муҳим ҳисобланган инновацион илмий тадқиқот йўналишида ҳамкорлик мустаҳкамланаётгани, ғўза ва қанд лавлаги етиштиришда тупроқ шўрланишининг олдини олиш, қурғоқчиликка чидамли навлар яратиш каби муҳим масалалар ечими сари қадамлар қўйилаётганини олқишлади.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА