Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева ва АҚШ Конгресси Сенати аъзоси, сенатор – демократ Гари Питерс ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқотда ҳамкорликнинг кенг доираси, хусусан, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, меҳнат муносабатлари, гендер тенглиги соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратилди.

Олий Мажлиснинг парламентлараро гуруҳининг АҚШ Конгресси билан ҳамкорлик бўйича мулоқоти ҳамда АҚШ Конгрессидаги “Ўзбекистон бўйича кокус” фаолияти сиёсий ва иқтисодий соҳаларда Ўзбекистон ва Aмерика муносабатларини тизимли ривожлантиришнинг ва парламент дипломатияси воситасида муҳим масалаларни ҳал этишнинг  самарали механизмига айланган.

Иқтисодий ҳамкорлик масалалари бўйича ҳам фикр алмашилди. Икки томонлама стратегик шерикликни мустаҳкамлашга таркибига 38 етакчи компания кирадиган Aмерика – Ўзбекистон савдо палатаси салмоқли ҳисса қўшаётгани, 2023 йилнинг январь – июль ойларида товар айирбошлаш ҳажми 321,5 миллион долларни ташкил этгани қайд этилди.

Инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, меҳнат муносабатлари йўналишидаги ҳамкорликни изчил давом эттиришга келишиб олинди.

Ўзаро муносабатлар кўп томонлама  форматларда ҳам  мустаҳкамланиб бормоқда. Жумладан, “Марказий Осиё – AҚШ” C5 + 1 формати доирасида келгуси йилда ЮСAИД билан тадбиркор аёлларнинг Халқаро форуми ўтказилади.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш, эътиқод ва сўз эркинлиги масалалари ҳам эътибор марказида бўлди. Мулоқот сўнггида томонлар барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга  тайёр эканини билдирди.

Н.Абдураимова, ЎзА